Жаҳон | 11:57 / 14.12.2018
89279
2 дақиқада ўқилади

«Қирғизистон бутун дунёга шарманда бўлди». Жээнбеков транспорт вазирини ишдан четлатишни буюрди

Фото: Knews.kg

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 14 декабрь куни бош вазир Мухаммедкалий Абилғозиевга транспорт ва автомобиль ишлари вазири Жамшидбек Калиловни вазифасидан вақтинчалик четлатиш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда у Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши йиғилиши давомида айтиб ўтди, деб маълум қилмоқда Tazabek нашри.

Аввалроқ у соғлиқни сақлаш вазири ва транспорт вазирига «Тундуқ» тизими жорий этилиши ҳақида савол билан чиққанди. «Сиз учун қандай тўсиқлар бор? Сизда воситалар мавжуд. Ж.Калилов келмадими? Унга нима бўлди? Сиз учун қандай тўсиқлар бор? Мутахассислар, шароитлар бор - фақат сизнинг бефарқлигингиз туфайли тизим жорий этилмаяпти», - деди у.

Жамшидбек Калилов

Президент транспорт вазирининг ўринбосари яқинда пора билан ушлангани ҳақида тўхталиб, «Қирғизистон Республикаси бутун дунёга шарманда бўлганини» таъкидлади.

«Калилов, ўрнингиздан туринг, агар сизнинг ўрнингизда бўлганимда, ҳеч бўлмаса тергов даврида ариза ёзиб, ишдан вақтинчалик кетган бўлардим. 500 минг долларни ҳамма муҳокама қилмоқда. Мен губернатор бўлганимда, ногиронлиги бўлган болаларнинг оналари фарзандлари ҳақида қайғуриб, ишлашга имкон топишмаган ва нафақа ҳақида сўрашарди. Яқинда бош вазир бу масалани ҳал қилди ва улар бундай кичик пулдан мамнун бўлиб ўтиришибди. 500 минг доллар эса - бу нимаси?

Барчани жавобгарликка тортиш керак. Ҳурматли бош вазир, уни ишдан вақтинчалик четлатинг, у Хавфсизлик кенгашида ўтирибди, бу қандай шармандалик?!», - дея дарғазаб бўлган Жээнбеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон бош вазири собиқ ўринбосари қўлга олингани, у ноқонуний бойишда гумонланаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид