Вақф – Ислом шариатига Қуръон, Суннат ва ижмоъ билан собит бўлиб кирган мустаҳаб амал.
Вақф сўзи луғатда «тутиб туриш», «тўхтатиш» маъноларида келади. Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади.
Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи томонидан белгиланган манзилга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағалларга) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади, ҳатто ўлимидан кейин ҳам етиб туради. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Вақф – садақа эмас, садақа бир нарсани инфоқ қилиш билан содир бўлади. Вақф – ўша нарсани айнини ушлаб турган ҳолда, фойдасини энг гўзал суратда сарфлаб боришдир. Бунинг савоби вақф қилувчининг ўлимидан кейин ҳам унга етиб туради.
Вақф — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулкдир. У ўз ичига кўчмас мулк (бино ва иншоотлар, экин майдонлари) ва кўчар мулкни (асбоб-ускуналар, станоклар, қурол-яроғлар) олади. Улардан фойдаланганда, мулкнинг асли йўқолмайди, аммо фойдаси сарфланади.
Видео: Youtube
Вақфнинг турлари – масжидлар, мадрасалар, шифохоналар, меҳмонхоналар, зовия - зикрхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар, камбағаллиги туфайли тураржой қура олмайдиган, уй сотиб ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган тураржойлар, йўловчи ва муҳтожларга сув тарқатишга мўлжалланган қудуқлар, кишиларга турли таомларни тарқатадиган хайрия ошхоналари, йўл ва кўприклар, уларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган корхоналар, ташландиқ ва етим болаларга аталган, уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш, хатна қилдириш билан боғлиқ муассасалар, кўзи ожиз, шол ва ожиз кишиларга аталган, уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли нарсаларни ҳозир қилувчи муассасалар, қамоқдагиларга ёрдам берадиган, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берадиган муассасалар, оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга ёрдам қиладиган муассасалар, эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари, идишларини синдириб қўйган болаларга ёрдам берадиган муассасалар, қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари кўринишида бўлиши мумкин.













