Жорий йилнинг 22 июлида Москва шаҳри Халқаро Савдо Марказида «ALOHA (олий арифметикани абакус ёрдамида ўрганиш) ментал арифметика» халқаро мусобақаси ўтказилганди. Унда дунёнинг 17 давлати — Европанинг Россия, Швеция, Испания, Германия, Осиёнинг Малайзия, Ҳиндистон, Хитой, шу жумладан, шунингдек Ўзбекистондан бўлган жами 600 нафар ўқувчи ўзаро беллашди.
32 нафар ўзбекистонлик иштирокчининг 28 нафари ижобий натижалар кўрсатишди. 8 ёшли Муҳаммадазиз Содиров 5-7 ёш тоифасида Tony Tots босқичи бўйича мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

25 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу танлов ментал арифметика билан шуғулланувчи болалар учун синов ва рағбат майдони бўлиб келмоқда.

Ментал арифметика нима? Бу тасаввурда йирик хонали сонлар билан ҳам арифметик амалларни тезкорликда бажаришни ўргатувчи фан. Унда бола ҳеч қандай ҳисоблагичдан фойдаланмайди, балки абакус – чётни кўз олдига келтириб, уни бармоқлари билан хаёлан ҳаракатлантиради.
Ҳали жуда ёш бўлишига қарамасдан бу соҳада катта муваффақиятга эришган Муҳаммадазиз Содиров Kun.uz меҳмони бўлди.
Mover.uz'да кўриш
Муҳаммадазиз Фарғона вилояти Риштон туманидаги 27-мактабнинг 2-синфида таҳсил олади. Икки йилдан бери Фарғона шаҳридаги Ментал арифметика марказида ҳам сабоқ олиб келмоқда.
Чемпионлар ўзига хос рационга кўра овқатланишади, деб ўйлайди кўпчилик. Йўқ, улар шунчаки соғлом овқатланиш тарзига риоя қилишади. Сут ва сут маҳсулотларини доимий равишда истеъмол қилиш Муҳаммадазизга тетик ва бардам бўлишга ёрдам берса, наҳордаги ёнғоқ ва майиз миянинг яхши ишлашига, хотира мустаҳкамлигига асос бўлади.
















