Суҳбатимиз аёл тадбиркор бўлишнинг ўзига хос томонлари, оила ва карьерада бирдек муваффақиятли бўла олиш ва албатта ментал арифметика мавзуларида кечди.

«Ўз фарзандларим учун энг фойдали тўгаракни излаб, ментал арифметикани танлаганман»

— Тўрт фарзанднинг онаси сифатида, болаларимга ҳар томонлама фойдаси тегадиган дастур ҳақида кўп бош қотирганман. Уларни кўпгина тўгаракларга олиб борардим, лекин бу тўгараклардан кўнглим тўлмасди.

Интернетда халқаро дастурлар ҳақида маълумотлар қидира бошлаганман ва тасодифан, дунёга машҳур дастурга кўзим тушиб қолган. Бу – Aloha ментал арифметикаси эди.

Aloha – ментал арифметика бўйича дунёдаги энг машҳур дастурлардан бири. Уни аввало ўзим ўрганиб чиққанман. Шундан сўнг бу дастурдан нафақат фарзандларим, балки бутун ўзбекистонлик болалар ўрганиши керак, деган хулосага келганман ва шу мактабга асос солишга қарор қилганман.

«Ҳисоб-китоб – аслида айсбергнинг учи бўлиб кўринадиган қобилият холос»

— Бу дастур боланинг ақлий ўсишига катта таъсир қилади. Ментал арифметика бола миясининг иккала томони бир вақтнинг ўзида фаол бўлишини рағбатлантиради.

Бола аввалига абакус (қадимги чўт)да ишлашни ўрганади. Ундаги суякчаларни қимирлатиб, ўрганиб олади ва шундан кейин шу суякчаларни кўз олдида тасаввур қилишга ҳаракат қилади. Демак, боланинг тасаввур, визуализация қобилияти анчагина ўсади.

Динара Ҳакимова

Шу тасаввур қилган суякчаларни тасаввурида қимирлатиб, махсус формулаларни ишлатган ҳолда, натижани ҳисоблаб айтади.

Натижада ментал арифметика билан шуғулланган бола жуда тез ҳисоб-китоб қила олади. У мактабдаги тенгдошларидан фарқли равишда, калкулятор ёки ҳисоблаш учун бошқа гаджетлардан фойдаланиб ўтирмайди.

Тезкор ҳисоб-китоб – ментал арифметикани ўрганган боланинг фақатгина сизга кўринадиган қобилияти. Айсбергни тасаввур қилсак, бир неча хонали сонларни қўшиш-айириш, кўпайтириш-бўлиш каби амалларни жуда тез бажара олиш – бу шунчаки айсбергнинг бизга кўринадиган қисми.

Лекин аслида денгизнинг тагида, айсбергнинг кўринмай турган энг катта қисми бор. Бу қобилиятлар тўғридан тўғри кўзга ташланмайди. Лекин хотира, концентрация, визуализация, креатив фикрлаш қобилиятлари ҳам сезиларли ривожланади ва болажонлар ана шу қобилиятларидан умри давомида фойдаланадилар.