Ўзбекистон | 11:40 / 21.12.2018
32605
3 дақиқада ўқилади

Фото: Бухоро шаҳри марказидаги дарахтлар «кал» қилинди

Ижтимоий тармоқда Бухоро шаҳри марказида, Арк қўрғони олдидаги дарахтларнинг бир қисми кесилиб, бир қисми каллаклангач ҳосил бўлган хунук манзара тасвирлари тарқалди. Дарахтларнинг шохлари кесилган ва улар симсиз симёғочга айлантириб қўйилган.

Айрим суратларда манзара янада қўрқинчли кўриниш олган.

Блогерлар, журналистлар ва ижтимоий тармоқнинг бошқа фойдаланувчилари бу ҳолатни кескин қоралашмоқда. Улар бундай чоралар дарахтларни ўлдиришини, бунинг оқибатида шаҳар ёзда чидаб бўлмас жазирама ҳудудга айланишини, Бухоронинг сўлим жойларидан бири Тошкентнинг бир вақтлар серсоя бўлган Амир Темур хиёбони сингари вайрон қилинаётгани ҳақида ёзишмоқда.

«Бухоро бундай жоҳилликлардан энг кўп зарар кўраётган шаҳар. Ҳозир шаҳарда яшиллик қолмади», дейди улардан бири.

«Бизга мусаффо осмонни шундай қилиб кўрсатишмоқчи», дея киноя қилинган изоҳлардан бирида.

«Бу сайёҳларни жалб этиш учунми?», дея савол қўяди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Шу билан биргаликда ваҳима кўтармаслик сўралган муносабатлар ҳам бор.

«Барча мутахассисга айланади. Аввал ёз келсин, кейин гапиринг», дейди шундайлардан бири.

Шунингдек, бундай амалиёт бошқа давлатларда ҳам, масалан, Россия ва Украинада ҳам мавжудлиги, лекин у ердагилар айюҳаннос солишмаслиги айтиб ўтилган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Бухорода аслида «дарахтларга шакл бериш ишлари» бажарилмоқда ва ҳозирда ушбу ҳудудни хушманзара ҳудудга айлантириш чоралари кўрилмоқда. 

«Бу каби тадбирлар республикамиз бўйлаб амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кўп йиллик дарахтларни ёшартириш, уларга янги ҳаёт бағишлаш.

Бухоро шаҳрининг қадимий Арк қўрғони олдидаги дарахтлар ўтган асрнинг 50-йилларида экилган бўлиб, шундан сўнг қаровсиз аҳволда қолган. Натижада дарахт шохлари ҳар томонга ўсиб, хунук манзара касб этган эди. Шаҳарнинг энг кўп туристлар ташриф буюрадиган ҳудудида жойлашган мазкур боғ ҳар йили куз ва қиш мавсумларида кўплаб қушлар учун бошпана вазифасини бажарарди. Бу эса ўз навбатида худудда антисанитар ҳолатларни юзага келтириб, маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди.

Бугунги кунда ушбу дам олиш маскани ҳудудига чим (газон) экиб, хушманзара ҳолатга келтириш чоралари кўрилмоқда. Ўз навбатида қуёш нури бўлмаса, чимни (газон) ўстириш мутлақо имконсиз иш. Табиийки, дарахт шохларининг шаклга келтирилиши бу жараёнга ўзининг ижобий таъсирини ўтказади», дейилади ҳокимликнинг Kun.uz га берган изоҳида.

Ижтимоий тармоқдаги изоҳларда ёзилишича, бу ерда ҳовуз қазиб, фонтан ўрнатиш, унинг атрофида ресторан қуриш ҳам режалаштирилган.

Мавзуга оид