Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда Жорий йил мобайнида мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий соҳасида ташқи савдо ҳажми ва экспортни тизимли равишда жадал оширишга қаратилган таркибий ўзгаришлар амалга оширилгани, хусусан, валюта сиёсати либераллаштирилгани, маъмурий тўсиқлар бартараф этилгани, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари учун нархларни шакллантириш ва тўловнинг бозор механизми жорий қилингани қайд этилган.

Рақобатбардош афзалликларга эга бўлган тармоқларда бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг сақланиб қолаётганлиги экспорт ҳажмларининг салмоқли ўсишини таъминлашга тўсқинлик қилаётгани санаб ўтилган.

Товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмини тубдан ошириш, экспортбоп маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, ташқи савдо мувозанатини таъминлаш ва валюта тушумларини кўпайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларда ҳар томонлама кўмаклашиш Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хизматлар (туристик, тиббий, таълим, транспорт, қурилиш ва бошқалар) экспорти ҳажмини кескин ошириш ҳамда уларни кўрсатиш учун тегишли инфратузилмани жадал барпо этиш;
  • ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб беришда ҳамкорларни излаш ҳамда ташкилотлар ва корхоналар билан шартномалар тузиш.

Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банкнинг Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинмоқда:

а) экспорт фаолиятига ахборот-таҳлилий кўмаклашиш бўйича:

  • экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш;
  • маркетинг, нарх шаклланиши, транспорт логистикаси, сертификатлаш, стандартлаштириш ва сифат назорати, солиқ ҳамда божхона маъмуриятчилиги (шу жумладан, хориждаги) масалалари, “ягона дарча” тамойили асосида ташқи бозорларга кириш шароитлари бўйича экспорт қилувчиларга ва уларнинг чет элдаги ҳамкорларига ахборот ва маслаҳат кўмагини кўрсатиш;