Чиқинди масаласи ўз ечимини кутаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Агар у зудлик билан ҳал этилмаса, яқин орада барчамиз глобал чиқиндихонада яшашга мажбур бўламиз, деб ҳисоблайди Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, Султонобод МФЙ яшовчи, маҳалла фаоли Халил Қаршибоев.​

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) маълумотларига кўра, ҳар куни бутун дунё бўйлаб 11 млн тонна чиқинди ҳосил бўлади. Бу миқдорни баландлиги 3 км бўлган тоғга ёки Люксембург давлатининг ҳудудига қиёслаш мумкин. Бундай чиқинди уюмларини йўқотиш учун эса бир йилда 200 млрд.доллардан ортиқ маблағ сарфланади. Ваҳоланки, бу пулга минг гектарли узумзор боғ яратиш, онкология билан оғриган минглаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover

Чиқинди ҳосил бўлиш жараёнини мутлақо тўхтатиб бўлмайди. Аммо унинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Яъни чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан янги маҳсулот тайёрлаш - шундай ечимлардан бири. 

Қаршибоевнинг айтишича, бунда ҳам хомашё тежалади, ҳам чиқинди уюмларининг сони қисқаради. Чиқиндини қайта ишлашнинг дастлабки ва энг муҳим босқичи - уни саралаш ҳисобланади. Жаҳон стандартига кўра, қоғоз, металл, пластик, шиша, органик моддаларнинг чиқиндисини алоҳида-алоҳида идишларга ажратиш керак.

«Оддий фуқародан табиатни ўз ҳолига қайтаришни талаб қилиш ноўрин, аммо чиқиндини ўз жойида саралаш, бу орқали давлат маблағи ва кучини тежаш мумкин»​, - дейди Халил Қаршибоев. 

У ўзи яшаётган, халқ орасида Калияс деб аталадиган қишлоқни чиқиндидан холи ҳудудга айлантириш борасида оддий, аммо самарали ишларни ташкил этган. Масалан, унинг ташаббуси билан чиқиндиларни саралаш пункти ташкил этилган бўлиб, Ҳалил ота маҳалладошларини экологияга эътиборли бўлишга чақиради.

Унинг таъкидлашича, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ташкилотлар фаолият олиб боряпти, лекин уларнинг аксарияти натижасиз. «Янги дастур ишлаб чиқилсаю, халққа ўргатилмаса, ҳеч қандай наф йўқ», - дейди у.