Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учраётган касалликлар тўғрисида фойдали ва керакли маълумотлар бериб боришни ўз олдига мақсад қилган. Бугун дефектолог Шаҳноза Имомхўжаева билан болаларда учрайдиган аутизм касаллиги ҳақида суҳбатлашамиз. Бу сирли касаллик ҳозирда олимлар томонидан ўрганилмоқда. Аутизмли бола атрофга ўзгача назар билан қарайди. Маълумотларга кўра ҳозирда дунёдаги ҳар 88 та боланинг бирида аутизм кузатилиши мумкин. Бундай болалар ташқи кўринишидан бошқалардан фарқ қилмайди, фақат у ўзгача фикрлайди. Аутизм касаллигига чалинган болалар билан ишлаш усуллари ҳақида бугун фойдали маълумотлар бериб ўтамиз. Шунингдек, бу касалликни даволаш бўйича Ўзбекистондаги биринчи хусусий мактаб иш фаолияти, дарс ўтиш усуллари ҳақида ҳам айтиб ўтамиз.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Аутизм нима?

Аутизм (грекча «аутос» – «ўзим» деган сўз) – бу руҳиятнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, бемор ташқи олам, атрофдагилар билан мулоқот қилишни истамайди. У ёлғизликни ёқтиради. Яна бир хил хатти-ҳаракат ва шундай сўзларни такрорлайди. Аутизм ташхисли бола ўз оламида яшайди. Фикрлаши бошқаларникига ўхшамайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари реал воқелик билан боғлиқ эмас. Беморларнинг ҳаракатларида ҳиссий кечинмалар асосий ўрин тутади. Бу касаллик синдроми ўғил болаларда қиз болаларга нисбатан кўп учрайди. Симптомларнинг ҳар хиллиги ва касаллик ўзгарувчанлиги ушбу касалликни қийинлигидан далолат беради: сезиларсиз аутистик хусусиятлардан то доимий парвариш талаб этилишигача.

Шаҳноза Имомхўжаева

Аутизм касаллигини келиб чиқиш сабаблари

Олимларнинг фикрича,аутизм кассалигини келиб чиқиш сабабларидан бири бу – ҳомилани она қорнидалик даврида маълум бир турдаги оқсилларнинг етишмовчилиги. Иккинчи сабаби, организмда икки хил оғир металнинг, қўрғошин ва симобни, кўпайиб кетиши. Учинчи сабаб атроф муҳитни экологик бузилиши ва ҳомиладорлик пайтида кучли стресс ҳолатларини кечириш. Анемия ҳамда қон босимнинг ошиши, буйракда босим ошиши – буларнинг ҳаммаси аутизимни келиб чиқиш сабаблари ҳисобланади. Бундан ташқари аутизм касаллиги белгиларининг кенгайишини, яъни ривожланишдан ортда қолиш белгилари Ретта синдроми, Аспергера синдроми ва аутизмнинг классик симптом комплексларининг кўп учраши. Шунингдек, касаллик ҳақида маълумот кўпаймоқда. Илгари тортинчоқ, уятчан, интроверт ва шизофренияга мойил болаларни «ғайритабиий болалар» дейишган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай болаларни аутистик болалар (аутизм) дейишмоқда.