Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан экологик ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида айтилган.
Қайд этилишича, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада:
иқлим ўзгаришига қарши тизимли курашишнинг илғор механизмларини жорий қилиш;
яшил иқлим жамғармасининг ресурсларига йўл очиш;
иқтисодиётнинг барча соҳаларига, жумладан ишлаб чиқаришга “яшил технологияларни” жорий қилиш назарда тутилади.
Бажариш муддати - 2019 йил 1 июль, ижро учун масъуллар - Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ТИВ, Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти.

















