Омадни кўпчилик тасодифга йўяди. Кимнидир «омадли» аташ – шахснинг тинимсиз меҳнати ва иқтидорини тан олмаслик, холос, деб ҳисоблайди Ҳартфордшир университети ўқитувчиси, психология фанлари профессори Ричард Уайзман. У «ўз вақтида, керакли жойда пайдо бўлиш учун зарур қобилият»лар омадли инсонларда учрашини таъкидлайди. 

Аммо бу инсонларнинг бошқалардан фарқли нимаси бор? Ҳамма гап «қобилият»дами? 

Калифорния университети социологи Кристина Картер бутун фаолияти давомида шу каби саволларга жавоб излаган. Бир неча йиллар аввал, у бахтли болаларни тарбиялашни истаган ота-оналар учун онлайн-курслар ташкил этганди. У миннатдорлик, ўзликни англаш ва бахт тушунчаларини қобилият сифатларига айлантириб, ўқувчиларига ўргата олган. Кристина фаолияти давомида омад тушунчасига ҳам кўп дуч келади, ҳар сафар бу масалага у танқидий кўз билан қараган. 

Уайзман тажрибаси

Картер мана шу мавзуда кейинроқ, Ричард Уайзман ишлари билан танишади. Уайзман илгари кўзбўямачи бўлиб, пул топганди. Балки, касбда пайдо бўлган қизиқиш туфайли у психологияни танлагандир. Картер таърифи билан айтганда, у 90-йиллар сўнгида «такрорланмас» тажрибани амалга оширган. Ричард ўзини омадли ва омадсиз санаган кишиларни синовда иштирок этиш учун таклиф этган. Синов қуйидагича ўтказилди: йўлакда 20 доллар банкнот ётарди, ўзини омадли санаган шахслар пул дарров кўриб, уни чўнтакка солган. Омадсизлар эса бепарво ўтиб кетаверган. 

Тажриба жуда жўн ва тушунарсиз кўриниши мумкин. Лекин Уайзман 1993 йилдан то 2003 йилгача ўтказган кичик тажрибаларидан хулоса ясаб, «Омад омиллари: 4та асосий тамойил» китобини ёзди. Китобда келтирилган, Ричард ташкил қилган тажрибанинг мухтасар тарихи қуйидагича:

«Кўнгилли иштирокчилардан газетадаги фотоларни санаб чиқиш сўралди. Ҳар саҳифанинг тенг ярмига эса катта-катта ҳарфлар билан эълон матни ёзилганди: «Ўқишни бас қилинг! Газетада суратлар сони 43та». Бошқа саҳифада эса «Санаманг. Эълон матнини ташкилотчиларга кўрсатинг ва 250 доллар ютиб олинг», деб ёзилганди. Ўзини омадсиз деб билган кимсалар суратларни санашда давом этаверди. Хулоса қилиш мумкинки, омадсизлик аслида эътиборсизлик билан чамбарчас боғлиқ».