Навоий вилоятининг собиқ ҳокими, давлат ва жамоат арбоби Баҳриддин Рўзиев 76 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа давлат арбоблари марҳумнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
У 1950 йил 23 августда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини Кармана тумани йўл қурилиши бирлашмасида авточилангар сифатида бошлаган.
Кейинчалик Тошкент политехника институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Шунингдек, Москва ижтимоий фанлар академиясида ўқиган.
Баҳриддин Рўзиев кўп йиллар давомида Навоий вилоятида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Жумладан, вилоят газлаштириш бошқармаси, ҳудудий коммунал фойдаланиш бошқармасига раҳбарлик қилган ҳамда Конимех тумани ҳокими бўлиб ишлаган.
2002 йилда у Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланган.
Ҳокимлик фаолияти давомида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, саноат ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшган.
Шунингдек, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этиш ва Навоий халқаро аэропорти негизида халқаро логистика марказини барпо қилиш ишларида фаол иштирок этган.
Сўнгги йилларда Баҳриддин Рўзиев фахрийлар ташкилоти аъзоси сифатида жамоат ишларида қатнашиб, ёш кадрларни тарбиялаш ва уларга ўз тажрибасини етказиш билан шуғулланган.
Марҳумнинг вафоти муносабати билан эълон қилинган ҳамдардлик билдиришномасини Шавкат Мирзиёев, Танзила Норбоева, Нуриддин Исмоилов, Абдулла Арипов ва Содиқ Турдиев имзолаган.
Билдиришномада Баҳриддин Рўзиев таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози сифатида ёдга олинган.













