Ўтган мақолада биз Ўзбекистон терма жамоасининг Уммон билан ўйинга тайёргарлиги, стратегияси ва режаси ҳақида гаплашгандик. Қўлга киритилган муҳим уч очко гўёки барчаси назорат остида бўлгани, Купернинг ўйинга бўлган режаси қисман ишлаганини кўрсатса-да, аслида муаммолар етарли. Яъни Уммон билан ўйинда Купер ҳаммасини аниқ ҳисобга олиб, назорат қилганди, футболчилар кўрсатмаларни аниқ бажаришди деб хулоса қилиш ҳақиқатдан анча узоқ. Келинг, бу сафар энди, бевосита ўйин ҳақида тўхталиб ўтамиз ва баъзи кўрсаткичлар ёрдамида ўйинни янада кенгроқ таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

 Схема

Купер жамоани 4-3-3 га яқинроқ схемада майдонга туширди. Ҳимоя тушунарли, ярим ҳимоя Шукуров-Аҳмедов-Сидиқов учлигидан ташкил топди. Бу ерда Шукуров марказий ҳимоячиларга энг яқин зонада, Сидиқов ва Аҳмедов эса, бироз олдинроқда, мос равишда чап ва ўнг марказий яримҳимоячилари сифатида ҳаракат қилишди.

Олдинги чизиқда эса, чап қанотда Жалолиддин Машарипов, ўнгда Сардор Рашидов, марказий ҳужумчи сифатида Марат Бикмаев ўйнашди.

 Биринчи кузатув: Ҳаяжон.

Терма жамоамиз футболчилари ўйинни катта ҳаяжон остида бошлашди. Жамоанинг анчадан буён бирга ўртоқлик учрашувида майдонга тушмагани, баъзи футболчилар умуман илк бор мана шундай турнирда иштирок этаётгани ва қисман, учрашувга уммонлик мухлисларнинг кўпчилик бўлиб ташриф буюриб, жуда яхши қувватлаб турганликлари таъсир қилган бўлиши мумкин. Илк дақиқалардаги ўзига хос “мандраж” балки бутун ўйин сценарийсига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Мисол учун уммонликлар ҳам ўйинни анча эҳтиёткорлик билан бошлашганди. Аммо футболчиларимизнинг ўзини йўқотиб қўйганликлари ва бир неча бор оддий хатоларга йўл қўйишлари, муҳими, тўп билан нима қилишни билмай, ташаббусни олишга уринмаганликлари натижасида уммонликлар аста-секинлик билан ўйинга кириб кела бошладилар. Биздаги ишончсизлик рақиб футболчиларига ёрдам берди ва энди, таймнинг иккинчи ярмига келиб, Уммон бемалол комбинацион футбол намойиш эта бошлади.

Дастлабки 15 дақиқада: тўп назорати: 55-45 фоиз.

15-30 дақиқалар оралиғида: 48-52 фоиз.

15-45 дақиқалар оралиғида: 40-60 фоиз.

Кўриниб турибдики, Уммон дастлаб, вазиятни ўргана бошлади, футболчиларимиздан хавф сезилавермагач, ташаббусни қўлга олди. Тўғри, таймдаги сўнгги 15 дақиқаликда биз ҳисобда олдинга чиқиб олгандик, аммо бу гол ўйиннинг умумий картинасидан келиб чиқмагани, унгача Уммон икки марта ўта хавфли вазият яратганини таъкидлаш керак.