Зафар Ҳошимов солиқ ислоҳотлари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаганини маълум қилиб, ислоҳотнинг ижобий ва салбий «кайфияти»га тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Чилонзор тумани давлат солиқ инспекцияси мутасаддилари томонидан ташкил этилган ноформал учрашув давомида тадбиркор ва бухгалтерларга солиқ соҳасида жорий этилган янги тизим – қўшилган қиймат солиғи ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, учрашув давомида долзарб саволлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда иштирок этган Korzinka супермаркетлари тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов «амалда бўлган солиқ тизими, иқтисодий нуқтаи назардан, боши берк ва нотўғри» бўлгани ҳақида гапирди.

«Айрим фактлар билан ўртоқлашсам, масалан, меҳнатдан олинадиган солиқ, шаксиз, мантиқсизлик эди. Иқтисодиётнинг хусусий сектори ишчиларини яширишга уринган ё «кулранг» схемада маош тўлаган. Агар маошларни ошириб, «оқ» йўл билан буни амалга оширмоқчи бўлсангиз, кичик корхоналар 15, йирик корхоналар 25 фоиз этиб белгиланган солиқ ставкаси бўйича, бундан ташқари пенсия жамғармасига 8 фоиз меҳнатдан солиқ тўлаш зарурлиги бунга йўл қўймаган. Охир-оқибат ишчи қўлига қоғоздаги рақамнинг ярми бориб тегарди», – дейди тадбиркор.

Тармоқ асосчисининг айтишича, энг идеал солиқ – истеъмол солиғи.
«АҚШда ҳам тизим аста мана шу йўналишга ўтмоқда. Лекин уни жорий этиш жуда қийин. Сингапур эса тезкорлик билан истеъмолдан олинадиган солиқ тизимини ўзида жорий этмоқда. Мамлакатда корпоратив солиқлар, корхоналар тўлайдиган солиқлар камайиб бормоқда ва улар савдода олинадиган солиққа айланмоқда. Харидор дўконда сотиб олган товари учун солиқ тўлайди. Унга қадар, барча ишлаб чиқарувчи корхоналар солиқ тўламайди.
Масалан, меҳмонхона эҳтиёжлари учун зарур ёстиқ, буюмлар, идишларни B2B тартибида сотиб олади. У солиқ тўламайди. Лекин мижозларга хизмат кўрсатишда ана шу солиқларни кўрсатиб, истеъмол солиғини бюджетга тўлайди. Шунингдек, даромаддан солиқ олиш тартиби мавжуд», – дейди Ҳошимов.

Ўзбекистонда ҳам онлайн касса аппаратлар барча савдо пунктларида ташкил этилса, жамият ҳам мана шундай солиқ олиш тартибини жорий этишга тайёр бўлиб боради, деб ҳисоблайди Ҳошимов. Ҳозирги шароит билан, барча харидларни мониторинг қилиш имконияти, деярли, йўқ. Шунинг учун, тадбиркорлар орасида тузилган ҚҚС занжири адолатли солиқ тўлаш имкониятини беради. У ҳолда давлат барча харид ва ишлаб чиқариш жараёнини кузатиб туришга мажбур эмас, тадбиркорларнинг ўзи ҚҚС занжирида бўлишни истайди.















