Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан белгиланишича, композиторлар ўртасида миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танлови 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши мумкин.
Танловнинг Низоми тасдиқланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси (Абдуллаев)га:
танловни ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;
танлов ғолибларини аниқлаш мақсадида мақом санъати усталари ва билимдонлари (композитор, бастакор, мусиқашунос, шоир ва ижрочилар)дан иборат Республика комиссиясини тузиш ва тасдиқлаш;
Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда танлов совриндорларига бериладиган диплом, сертификат ва статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
танловни юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, мақом усталари, композиторлар, бастакорлар, малакали мутахассисларни жалб этиш вазифалари юклатилади.
Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловининг низомига кўра, танлов мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб ижод қилиб келаётган композиторлар, улар томонидан яратилган янги асарларни излаб топиш, мусиқа ижодкорлари ва ижрочилар учун кенг имконият яратиш, мақом санъатини янада оммалаштириш ва тарғиб этиш мақсадида республика миқёсида ўтказилади.
Танловда мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб замонавий услубда яратилган энг яхши композиторлик асари (симфония, концерт, камер-чолғу, поэма, оратория, сюита ва бошқа) йирик йўналишдаги саҳна асарлари муаллифлари иштирок этади.
Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий ишлар Маданият вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари: замонавий композиторлик ижодиётининг мақом санъати миллий анъаналари асосида янада ривожлантириш, ижро ва ижод анъаналари асосида қайта шакллантириш, замонавий композиторлик ижодиёти анъаналарига сингдириш ва ўзбек композиторлари ижодида йирик жанрлардаги миллий мақомлар асосида замонавий саҳна асарлари намуналарини яратиш, ушбу йўналишида ижод қилиб келаётган композиторларни кашф этиш.
















