Kun.uz таҳририяти Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази раҳбари Юлий Ботирович Юсупов билан туркум суҳбатларни давом эттиради. «Юлий Юсупов билан натижалар ҳақида» деб номланган суҳбатнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ш.Ш. – Мана, сиз ҳаммаси камчиликларни тан олишдан бошланишини айтдингиз. Биз нега камчиликларимизни ҳеч тан ололмаяпмиз?

Ю.Ю. – Тан оляпмиз. Президент бизга чиройли рақамларни тақдим этган статистиканинг ёлғон эканлигини айтди. Шунингдек, президент турли масалалар хусусида гапирар экан, камчиликларни кўрсатиб берди ва ўзгаришлар қилиш кераклигини, ислоҳотлар ўтказмасдан 20 йилни йўқотганимизни айтди. Яъни бизга ислоҳотлар кераклиги эътироф этилди. Шунинг учун ҳам ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Аммо бир нарсада сизнинг фикрингизга қўшиламан, жамият ва ҳукумат биз қандай вазиятга тушиб қолганимизни тўлиқ англаб етмаяпти. Нимага? Чунки узоқ йиллар давомида статистика бизга чиройли рақамларни кўрсатиб келган – биз иқтисодиётнинг барча ўсиш суръатлари бўйича сайёрада етакчи эдик ва бизда инфляция ҳам паст эди. Бизга ислоҳотлар сабабли бошқа давлатлар қашшоқликда яшаётгани ва уларда ҳамма нарса таназзулга учраганини айтишарди. Бу эса ёлғон эди. Биз жойимизда туравердик, чидадик, ислоҳотлар ўтказмадик ва шунинг учун бизга қойил. Шундай дейилмасди, аммо шундай мазмун келиб чиқади.

Ва бутун омма онгида ҳам бу фикр муҳрланиб қолганди. Шунинг учун бизга «нима, биз ҳам Қирғизистондек бўлиб қолишимизни истайсизми?», дейишади. Ҳа, Қирғизистон ислоҳотлар ўтказиш борасида энг яхши намуна эмас. Аммо Қирғизистон билан солиштирганда ҳам биз ортда қолганмиз. Агарда 2017 йилдаги ЯИМни ҳисоблайдиган бўлсак, бизда бир кишига 1000 доллардан камроққа тўғри келади. Биз дунёдаги энг қашшоқ ўттиз мамлакат орасидамиз. Бу рўйхатга биздан ташқари Африканинг 25 мамлакати, Непал, Яман, Тожикистон ва Гаити киради. Мана биз қандай мамлакатлар орасидамиз. Бир юз саксондан ортиқ давлат ичида.