Жаҳон | 15:53 / 17.01.2019
5047
2 дақиқада ўқилади

Ямайкада инфляция ҳақида рақсга тушиб, қўшиқ куйлашди

Фото: Jonathan Daniel/Getty Images

Ямайка банки истеъмол нархларига нисбатан сиёсати ҳақидаги маълумотни тарқатишнинг ностандарт услубига мурожаат қилишга қарор қилди: бу давлатда видеороликлар чиқарилди, уларда раққослар ва қўшиқчилар регги услубида «паст инфляция» билан мақтанади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ёзмоқда.

Ямайка банкининг кампанияси 2018 йил декабрида бошланган. Видеороликлар маҳаллий телевидениеда намойиш этилди ва банкнинг твиттердаги саҳифасида жойлаштирилмоқда, шунингдек, мамлакат бўйлаб реклама шчитларида бас-гитаралар ҳамда бошқа мусиқий асбобларнинг қуйидаги ёзувдаги тасвирлари пайдо бўлди: «Иқтисодиёт учун паст ва барқарор инфляция - регги учун худди бас йўналишдек».

«Биз одамлар эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Инфляция - ҳар бир фуқаронинг иши ва биз у ҳақиқатан ҳам ҳар бир киши ишига айланишини истаймиз», - деди кампанияни ўйлаб топган банк ходими.

Тадқиқотлар ва иқтисодий ривожланиш бўйича губернатор ўринбосари Уэйн Робинсоннинг фикрича, регги - Ямайканинг ташриф қоғози, «мусиқа эса бизнинг ДНКда бор». Ноёб ёндашув инфляция масаласига аҳоли эътиборини тортиш имконини беради.

«Паст ва барқарор инфляция - бу иқтисодиётнинг юрак уриши!» - дейилади банк твиттерида эълон қилинган сўнгги видеороликда.

2018 йил октябрида Ямайка ҳукумати қонун лойиҳасини тақдим этди, унга мувофиқ инфляцияни таргетлаш мамлакат марказий банки мандатининг асосий мақсади ҳисобланади. 2017 йил сентябридан бери банк 4-6 фоизли манзилли кўрсаткични сақлаб қолди ва янги стратегияси орқали пул-кредит сиёсати бўйича коммуникация ҳамда ҳисоботларни яхшилашга умид билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид