Шавкат Мирзиёев Нарендра Моди билан учрашди
18 январь куни Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтаётган “Жўшқин Гужарат” халқаро саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбарини самимий қутлаб, Ҳиндистон бош вазири нуфузли Ўзбекистон делегациясининг Саммит ишидаги иштироки учун чуқур миннатдорлик изҳор қилган.
Ўзбекистон президентининг Ҳиндистонга ташрифи олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги изчил мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шериклик муносабатларининг яна бир ёрқин далилидир, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг ўтган йили октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Ташрифдан сўнг ўтган вақт давомида барча йўналишлардаги ўзаро алоқалар фаоллашгани қайд этилди.
Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳрида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» Мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Тошкентда қўшма Тадбиркорликни ривожлантириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатда Ҳиндистон саноат конфедерацияси ваколатхонаси очилиши кўзда тутилмоқда.
Саммит арафасида Гужаратда Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида илғор ахборот технологиялари технопарки, Андижон вилоятида фармацевтика зонаси ташкил этилмоқда.
Ҳиндистон Эксимбанки билан Ўзбекистондаги ижтимоий муҳим лойиҳаларни молиялаштириш учун қиймати 200 миллион долларга тенг кредит линияси ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатда Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртлари – “Амити” ва “Шарда” университетлари ўз ишини бошлайди.
Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари амалий ижросини жадаллаштириш заруриятини қайд этди.
Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш йўлида қатъий эканликларини тасдиқладилар.
Учрашув сўнгида Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича имзоланган узоқ муддатли келишувни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтган.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024