Ёмон иқтисодиётга эга мамлакатларда аҳолининг иқтисодий тушунчалари баланд бўлиши мумкин. Аксинча, ривожланган давлатларда жамиятнинг иқтисодий саводхонлиги паст бўлиши кузатилган. Аммо Ўзбекистон шароитида, биз иқтисодиёт тўғрисида билимларимизни янгилаб, у ҳақда аниқ тасаввурга эга бўлишимиз зарур.
Шу боис, Сингапурдаги Наньян технологиялар университети бакалаври, АҚШнинг Висконсин университети докторанти, 2016 йилнинг май ойидан эътиборан, Вейнарт ишбилармонлик марказида тадқиқотчи сифатида ишлаб келаётган Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Сизда АҚШ ва Ўзбекистон иқтисодиётини солиштириш имконияти пайдо бўлди. Иқтисодиёт ҳақидаги тушунчалар бу икки жамиятда ҳар хилми, қай даражада ривожланган?
Албатта, бир хил эмас.Жамиятнинг ривожланганлик кўрсаткичлари юқори бўлган жамиятда иқтисодиёт ҳақидаги тушунчаларнинг даражаси ҳам шунга мос бўлади. Бу эса иқтисодиёт фанининг ўқитилиши билан боғлиқ, деб ўйлайман.
Масалан, АҚШда тахминан 50-65 фоиз бакалавр талабалари факультет йўналишидан қатъий назар иқтисодиёт асослари фанини ўтишади. Иқтисодиёт фанини ўрганиш сал хавфли, чунки уни бошлагандан кейин орқага қадам йўқ. Негаки иқтисоддан бохабар одам иқтисодга ёт ғояларни эшитса, бунинг мутлақо нотўғри эканлигини тушунади. Илмга асосланмаган ғояларга улар ишонмайди. У ерда 50-60 фоиз одам иқтисод ҳақида тушунчага эга. Демак, улар, мисол учун, Оқ уй маъмурияти томонидан иқтисодиётга қўйилаётган чекловларнинг нотўғри эканлигини билишади. Бундай чекловларга мамлакатдаги ўнгчилар ҳам сўлчилар ҳам бирдек норозилик билдирганлиги мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Иқтисодиёт ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиш билан иш битадими? Яъни АҚШ аҳолиси иқтисодиёт назариясини билгани учун ҳам турмуши шу даражага етди, деб айта оламизми?
Йўқ, бундай эмас. Мисол учун, Аргентинада иқтисодчи бўлиш рок юлдузи бўлиб, машҳурликка эришишдек гап. Лекин у ерда иқтисодиёт яхши ривожланмаган. Менимча, ёмон иқтисодиётга эга бўлган мамлакатда ҳам одамлар бу борада яхши тушунчага эга бўлиши мумкин. Масалан, автомобилингиз тез-тез бузилса, уни қандай таъмирлаш, тузатиш ҳақида кўникмага эга бўлиб борасиз. Агар автомобилда ҳеч қандай муаммо бўлмаса, унинг ҳолати билан қизиқмайсиз. Худди шундай иқтисодиёти зўр ривожланган Сингапур каби давлатларда кишиларнинг иқтисодий тушунчалари зўр деб айтиш қийин.

















