Спорт | 13:20 / 20.01.2019
22689
4 дақиқада ўқилади

Австралия термаси бош мураббийи: «Футболчиларимга совуққонлик етишмаяпти»

Осиё Кубоги 1/8 финали доирасидаги Австралия-Ўзбекистон ўйини олдидан матбуот анжумани дастлаб «соккеруз» бош мураббийи Грэҳэм Арнолд ва ҳимоячи Азиз Беҳич иштирокида ўтди.

«Мусобақадаги иштирокимиздан роҳат оляпмиз. Эртанги баҳсни ҳам интизорлик билан кутмоқдамиз. Сурия билан ўйиндан кейин 5 кун дам олдик, йигитлар руҳан жуда ҳам тетик ҳолатда. Баҳсда жуда яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш истагидамиз», – дея дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди Грэҳэм Арнолд.

«Биз нимчорак финалда турибмиз. Кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал қилишимиз зарур. Бунинг учун ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетик ҳолатдамиз. Мусобақа бошидан буён биз учун жуда қизиқарли ўтяпти.

Жамоа қайси жиҳатдан ўсишга эришиши керак, деб ҳисоблайман? Йигитлар совуққонлик билан ўйнашни ўрганишлари зарур. Сурия билан ўйинда аслида каттароқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз зарур эди. Ўйин охиригача учта жуда зўр имкониятдан фойдалана олмадик. Керакли вақтда ва керакли жойда совуққонлик билан йўл тута билиш керак. Бу лавозимга келганимга 4 ойдан ошди, 7та ўйин ўтказдик. Жамоа бу ўйинларда босқичма-босқич ўсиб бормоқда.

Иордания билан ўйинда таркибдаги футболчиларнинг тажрибаси бироз камлик қилган эди. Аммо учинчи турдаги Сурия билан учрашувга бориб, биз ўйинни тўла назорат қилдик. Мен ҳакамларни муҳокама қилмоқчи эмасман, аммо пенальти белгиланганидан кейин Сурия яна ўйинга қайтди. Аммо биз ҳақли равишда ғалабани қўлга киритдик.

Гуруҳ босқичида учта араб жамоаси билан ўйнадик ва бу ўйинларда асосан узоқ паслар билан тўп сурдик. Ўзбекистонга қарши баҳсда эса тўпни паслатиб оширишлар кўпроқ кузатилади, деб ўйлайман.

Мэттю Леки соғайиб, сафимизга қайтди. Жош Риздон ҳам дисквалификациядан қутулди. Бу икки футболчи эртага майдонга тушиши мумкин», – дея айтиб ўтди Грэҳэм Арнолд.

Австралияликлар ҳимоячиси Азиз Беҳич ҳам ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди.

«Охирги ўйинимизда Сурияга қарши жуда яхши ҳаракат қилдик ва ижобий натижага эришдик. Шу руҳда давом этиш ниятидамиз. Бутун жамоанинг эътибори эртанги ўйинга қаратилган. Вазифани уддалашга ҳаракат қиламиз.

Таркибимизда кўплаб футболчилар илк марта бу мусобақада иштирок этишяпти. Яқин Шарқда, бундай меҳмондўстлик муҳитида ўтган ўйин бу ёш футболчилар учун яхши тажриба бўлди.

Ўзбекистон яхши жамоа. Мураббийлар штаби бу рақибни етарлича таҳлил қилиб чиқишди. Биз мусобақа давомида кучайиб боряпмиз. Ҳар бир рақибимизни ҳурмат қиламиз.

Биз барча баҳсларда ўйинни ўзимиз назорат қилишга ҳаракат қиламиз. Биз асосий эътиборни рақибга эмас, балки ўзимизга, жамоа сифатидаги ўйинимизни ўстиришга қаратамиз. Таркибдаги қайсидир футболчини ажратиб кўрсатмаган бўлардим», – деди Беҳич.

Эслатиб ўтамиз, Австралия терма жамоаси «B» гуруҳидан иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Жамоа илк турда Иорданияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди, шундан сўнг Фаластин дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллади. Сўнгги турда 90+3-дақиқада урилган ғалаба голи эвазига Сурияни мағлуб этди – 3:2. Терма гуруҳдаги иккита ўйинини Ал-Айнда, хусусан 3-турни эртанги ўйин ўтадиган «Халифа бин Зайд» стадионида ўтказди. Омадли тақвим туфайли нимчорак финал олдидан Ўзбекистонга қараганда икки кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлган австралияликлар Ўзбекистон терма жамоаси билан бир меҳмонхонада яшаб келмоқда.

Австралия–Ўзбекистон ўйини эртага, 21 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади. Ўйинни қатарлик Абдулраҳмон Ал-Жассим бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боради.