Жамият | 14:32 / 24.01.2019
5613
2 дақиқада ўқилади

Оролбўйи аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун, 24 январь куни Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Ўзбекистон республикаси раҳбарияти ташаббуси ва БМТ васийлигида тузилган Оролбўйи аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси раҳбарияти ҳамда жамоасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Сухроб Холмуродов иштирок этди ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним билан бирга ҳамраислик қилди.

Тадбир давомида улкан лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган жамғарманинг техник ва ишчи гуруҳлари, режалари тасдиқланди.

Кўпшериклиликка асосланган бу траст жамғарма фаолияти расман 2018 йилнинг 27 ноябрь кунида БМТ штаб-квартирасида йўлга қўйилган эди. Ўша куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Ўзбекистон республикаси ҳукумати, кўплаб халқаро ташкилотлар ҳамда донор давлатлар ва жамғармалар бу лойиҳага хайрихоҳлик билдирган.

Хусусан, Норвегия ва Япония каби давлатлар бу жамғармага молиявий кўмак беришга тайёр эканликларини маълум қилишган.

Асрдан асрга ўтган Орол муаммоси асоратларини бартараф этиш доирасида бир қанча йирик лойиҳалар кўзланган бўлиб, уларни амалга оширишда дастлабки босқичи 2021 йилга қадар давом этувчи дастур асосида 123,3 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ жамланади. Бу кўрсаткич миқдори вазиятга кўра оширилиши мумкин. Донорлик маблағлари тушиб бориши ва сарфланишини махсус портал орқали онлайн кузатиб бориш мумкин бўлади. 

Мавзуга оид