Жаҳон | 00:56 / 25.01.2019
15947
2 дақиқада ўқилади

Америкалик миллиардер Нью-Йоркдаги пентхаусни рекорд нархга сотиб олди

Америкалик миллиардер ва Citadel хеж-фонди асосчиси Кеннет Гриффин Нью-Йоркдаги ҳашаматли пентхаусни 238 млн долларга сотиб олди. Бу нарх АҚШда уй-жой сотиб олиш бўйича рекорд нарх ва дунёдаги энг катта нархлардан бири бўлди. 

АҚШдаги аввалги рекорд хеж-фондлар менежери Барри Розенштейн 2014 йилда Нью-Йорк яқинида 137 млн долларга уй сотиб олганда ўрнатилган. Бу борадаги жаҳон рекорди ҳақида гапириладиган бўлса, Ҳонгконгда 2017 йилда 361 млн долларга уй сотиб олиниши энг қимматбаҳо битим ҳисобланади.

Гриффин учун ушбу битим кўчмас мулк билан биринчиси эмас. У бир неча кун аввал Чикагодаги кондоминиумда бир неча қаватни 58,8 млн долларга сотиб олган. Миллиардер 2012 йилда Пальм Бичда уй қуриш учун 250 млн долларга ер сотиб олганди. Шунингдек, Гриффин яқинда Лондонда ҳам 122 млн долларга уй сотиб олган. 

Миллиардер вакилининг айтишича, Citadel фонди Нью-Йоркда янги офисини очмоқда ва Гриффин шу муносабат билан шаҳарда ўзига уй қидирган. У томонидан сотиб олинган 4 қаватли пентхаус марказий боғ яқинида қурилаётган 79-қаватли бинонинг 50-53-қаватларида жойлашган. Апартаментларнинг майдони 2230 квадрат метрни ташкил қилади ва унда мебель жиҳозлари йўқ. Таъкидланишича, Гриффин пентхаусни жиҳозлаш учун яна мўмайгина пул сарфлашига тўғри келади.

2019 йил январь ҳолатига кўра, Гриффиннинг бойлиги 9,9 млрд долларни ташкил қилади ва у АҚШнинг энг бой одамлари орасида 52-ўринни эгаллайди.  

Мавзуга оид