2019 йил 26 январь куни Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
МБ хабарига кўра, мазкур қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлашга қаратилган йўналишини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкалари ижобийлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадларига асосланган.
Қайд этилишича, 2018 йил якунлари бўйича инфляция даражаси йиллик ҳисобда 14,3 фоизни ташкил этди. Бунда, 2018 йилнинг декабрь ойида нархларнинг ойлик ўсиши ўтган йилнинг мос даврига (4,1 фоиз) нисбатан пасайиб 2,1 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, 2018 йилнинг II–IV чораклари давомида чораклик инфляция даражасини 2017 йилнинг мос даврига нисбатан пасайиши кузатилган.
Айни пайтда, IV чоракда ички талабнинг юқори бўлиши, тартибга солинадиган нархларнинг ошиши ва алмашув курси динамикаси каби ҳам талаб ҳам харажат омиллари таъсирида иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолди.
2018 йил сентябрь ойида қайта молиялаш ставкасининг оширилиши билан бир қаторда пруденциал назорат чораларининг кучайтирилиши кредитлашнинг нархга боғлиқ ҳамда нархга боғлиқ бўлмаган шароитларини қатъийлаштириш ва якунда кредитлар ўсиш суръатини мақбуллаштириш имконини берган.
Мева ва сабзавотларини сақлаш инфратузилмаси яхшиланиши ҳисобига уларнинг нархларидаги мавсумий тебранишлар нисбатан паст бўлганлиги ҳамда ҳукумат томонидан бозорларни асосий истеъмол маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича кўрилган чоралар, озиқ-овқат товарлари инфляциясини кескин ўсишининг олдини олишга ёрдам берди.
Ноябрь ойида энергия ресурслар нархлари оширилишининг 2018 йилги инфляция даражасига иккиламчи таъсири прогноз қилинган кўрсаткичлардан паст даражада бўлди. Бу, ўз навбатида, 2019 йилда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ҳисобига инфляцияни тезлашишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, 2019 йилнинг январь ойидан нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришларга (асосан ҚҚС базасининг кенгайтирилиши) олдиндан мослашиши амалга ошмади, бу бизнес вакилларида солиқ тизимидаги ўзгаришлар уларнинг молиявий фаолияти ва ишлаб чиқариш харажатларига таъсири хусусида ноаниқликлар сақланиб турганлиги билан изоҳланади.
Натижада, йиллик инфляция даражаси (14,3 фоиз) сентябрь ойидаги прогноз кўрсаткичга (16-17 фоиз) нисбатан паст бўлган.
2018 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида аҳоли ва бизнес вакилларининг қисқа ва ўрта муддатли инфляцион кутилмалари тартибга солинадиган нархлар ўсиши шароитида ошиб борди. Декабрь ойида респондентлар томонидан янги йил байрамидан сўнг савдо фаоллигининг сусайиши тахмин қилинганлиги қисқа муддатли кутилмаларни тушишига сабаб бўлди.
















