Аҳоли йилдан-йилга кўп ва яна кўп пластик пакетлардан фойдаланмоқда. Хусусан Ўзбекистонда йилига бу кўрсатгич 26,2 минг тоннани ташкил этмоқда. 

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, Султонобод МФЙ яшовчи, маҳалла фаоли Халил Қаршибоев​ ҳам чиқинди масаласи ўз ечимини кутаётган асосий муаммолардан бири саналади, агар у зудлик билан ҳал этилмаса, яқин орада барчамиз глобал чиқиндихонада яшашга мажбур бўламиз, деб ҳисоблайди. ​Пластик пакетдан самарали фойдаланиш, шу орқали инсониятнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда пластик пакетлар пулли этиб белгиланди.

Пластик пакетлар, асосан, қайта тикланмайдиган табиий ресурслардан – нефть ва газдан тайёрланади. Аксарият пластик пакетлар ер юзида 1000 йил, сувда 450 йилда парчаланувчи полиэтилендан тайёрланади. 

Сув ва қуруқликдаги ҳайвонларнинг озуқа излаб, пластик пакетлар еб нобуд бўлиши каби ҳолатлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Негаки тирик мавжудотлар организмининг пластик пакетлар ҳазм қилиш имкониятига эга эмас.

Хитойда 2008 йил 1 июндан бошлаб жуда ҳам юпқа (қалинлиги 0,025 мм.гача) полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни савдо дўконларида бепул тарқатиш таъқиқланган. Хитой халқ республикаси Давлат кенгаши мазкур қарорни мамлакатда аҳоли томонидан ҳаддан зиёд кўп полиэтилен маҳсулотларидан фойдаланилиши, ўз навбатида уларни ўрнатилган тартибда қайта ишлаш ва утилизация қилиш имкони мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилди. Мазкур янги қарор талабларини бузган савдо дўконлари катта миқдордаги жаримага тортилади ёхуд маҳсулотлари конфискация қилинади.

Люксембургда 2004 йилдан бошлаб аҳоли ўртасида шундай тарғибот компанияси бошландики, унга кўра одамлар ўзига қулай бўлган ҳамда қайта ва яна қайта ишлатиши мумкин бўлган сумкалардан (маҳаллий аҳоли бу каби сумкаларни Öko-Tut деб номлайди) фойдаланишга ва полиэтилен пакетлардан воз кечишга даъват этди. 2007 йилга келиб эса бир маротабалик полиэтилен пакетларни бепул тарқатиш ман этилди, 2009 йилга келиб бундай пакетлардан фойдаланиш 55 млн.дан 6,5 млн.гача тушди. Öko-Tut сумкалари Европа комиссияси томонидан полиэтилен чиқиндиларини камайтириш бўйича энг яхши намуна сифатида эътироф этилиб, махсус совғани қўлга киритган.

Ўтган йили Кенияда пластик пакетларни олиб кириш, фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни тақиқловчи қонун кучга кирди. Унга асосан, қонунбузарларни 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки 40 минг АҚШ долларигача жаримага тортиш мумкин.

Шунингдек, ҳозирда БМТнинг денгиз чиқиндиларига қарши курашиш бўйича тарғибот компанияси доирасида полэтилен пакетларидан фойдаланишни чеклаш ёки пластик материаллар билан қадоқланган маҳсулотларни юқори солиқ ставкаси билан солиққа тортишни таклиф этилмоқда.