Жаҳон | 16:08 / 28.01.2019
15480
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла мухолифати етакчиси бутун дунё бўйлаб янги митингларга чақирди

Фото: REUTERS

Венесуэла мухолифати етакчиси, ўзини мамлакатнинг вақтинчалик президенти сифатида эълон қилган Хуан Гуайдо 27 январь кунги тўғридан-тўғри трансляция вақтида мамлакат аҳолисини яна тинч намойишларга чиқишга чақирди. Бу ҳақда Sky News телеканали хабар бермоқда.

Тўғридан-тўғри эфирда чиқиш қилиб, Хуан Гуайдо одамларни шу ҳафтага режалаштирилган иккита митингда иштирок этишга чақирди. У фуқароларни 30 январь, чоршанба ва 2 февраль, шанба куни тинч намойишларда иштирок этиш учун ўз уйлари ҳамда офисларини тарк этишга чақирди, деб хабар бермоқда Sky.

Венесуэлалик мухолифатчи дам олиш куни «Венесуэланинг ҳар бир бурчаги» ва бутун дунёда намойишлар ўтказишга чақирган. Гуайдо Венесуэла амалдаги президенти Николас Мадуронинг сайланиши қонуний эканини савол остига олишда давом этяпти.

Бундан ташқари, 2 февраль кунги норозилик митинги Мадуродан саккиз кунлик муддат ичида янги президентлик сайлови ўтказишни талаб қилган Европа иттифоқи ультиматуми муддати тугайдиган кунга режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Венесуэланинг Гуайдо томонидан тайинланган вакилини тан олганди.

Мавзуга оид