Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Чироқчи ва Ғузор туманларида 2017 йилда қурилган намунали уйларда истиқомат қилиб келаётган фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Таҳририят мухбирлари арзномани жойига бориб ўрганиш мақсадида ушбу вилоятга хизмат сафари уюштирди.  

Чироқчи туманидаги янги намунали уйлар қурилган кўчага кириб борар эканмиз, ерга асфальт ётқизилмаганига гувоҳ бўлдик. Ёмғир ёғганлиги сабабли тўпланиб қолган сув ва лойни кечиб ўтишимизга тўғри келди. Ваҳоланки, бу ҳудудда фуқаролар истиқомат қилишни бошлаганига 2 йилдан ошган.

Биз билан суҳбатлашган фуқаролар тез-тез ўчиб турса-да, электр энергияси ва сув таъминоти мавжудлигини билдиришди. Аммо фуқароларнинг ҳукуматдан бир илтимоси, газ муаммосини ҳал қилиш масаласидир. Уларга кўра, кўчиб келган йиллари борига шукур қилиб, имкони борлар ўтин-кўмир, имкони йўқлар электр печкалар билан уйларини иситишган. 2018-2019 йил қиш мавсумида электр энергияси тез-тез узилмоқда. Шу боисдан ҳам, уйнинг барча хоналарини электр ёрдамида иситиш мумкин бўлмаяпти. Бунинг оқибатида ёш болали, қария ва ногиронлар истиқомат қилувчи оилалар бир хонага қамалиб қолишга мажбур бўлмоқда. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бизда икки ойда бир маротаба 20 минг сўмдан газ балонимизни тўлдириб беради. Лекин у икки ойга етмайди, уни печкага ишлатадиган бўлсак, уч кунга ҳам етмайди. Биз тежаб-тергаб фақат овқат учун ишлатамиз, шунда ҳам етмайди. Сўнг ўзимиз эркин нархда 15 литрини 45 минг сўмга тўлдирамиз ёки 55 минг сўмдан газ балонни алмаштирамиз. 20 йил квартирада яшаб, қийналсак ҳам ишлаб, тўловини қилиб, яхши умидларда шу уйни олган эдик. Энди газдан қийналмаймиз, янги уйда яшаймиз, деб кўчиб келдик. Кўмир ёрдамида исиётган печкадан чиқаётган тутундан ҳозир бу уйларни янги демайсиз»,- дейди намунали уйларда истиқомат қилувчи аёл. 

Намунавий лойиҳа асосида қурилган уй деганда, аксарият фуқаролар иссиқ, газлаштирилган, ҳар томонлама «намуна» қилиб кўрсатса бўладиган уй тушунилади, одатда. Аммо, бу умидлар пучга чиқиб бўлди, дейди аҳоли. Эндиликда, туман газ таъминоти бу уйларга қувурда газ берилмаслигини айтмоқда.