2019 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Меҳмет Сурейя Эрни қабул қилди.
ТИВ хабарига кўра, ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб, вазир элчини тайинлов билан самимий қутлаган ва унга муваффақиятлар тилаган.

Меҳмет Сурейя Эр қутлов учун миннатдорчилик билдирди ва мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш учун бундан аввалги фаолияти, жумладан Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) президенти ўринбосари лавозимидаги барча тажрибасидан фойдаланганлигига ишонтирди.
Суҳбат чоғида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йил баҳорида бўлиб ўтган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очгани таъкидланди.
Ўзбекистон томонининг маълумотларига кўра, 2018 йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 40 фоизга ўсиб, 2 миллиард 172 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатга 75 мингга яқин Туркия фуқаролари ташриф буюрди, бу эса ўтган йилга қараганда деярли икки баравар кўпдир. Бу каби ижобий ўзгариш ўзаро муносабатларнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилмоқда.
Учрашувда бошланган йилдаги қўшма тадбирлар режаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, ушбу тадбирлар орасида икки давлат раҳбарларининг раислигида Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий кенгашнинг биринчи мажлиси марказий ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, 2019 йилда Ўзбекистон-Туркия сиёсий мулоқотининг асосий воқеасига тайёргарлик кўриш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
















