Қўнғироқ чалинди. Эшикдан кириб келган ўқитувчи билан салом-аликдан сўнг болалар ўз ўриндиқларини эгаллашди. Биология дарси бошланди. Собир, одатдагидек, ўзи учун тушунарсиз бўлиб келаётган бир талай терминлардан иборат дарсни «тинглай» бошлади. Ногаҳон кўзи дераза ортига –  дарахт шохида ўтирган чумчуққа тушди. «Қани эди, шу чумчуқнинг ичига кириб, унда кечаётган жараёнларни кўриб бўлса», – ўйлади у ва ўқитувчининг равон нутқидан аллаланиб, ўз одатича, пинакка кетди. Биология дарси давом этарди...                                    

Таълимимиз гўё бир лотерея – омадингиз келса, болангиз яхши ўқитувчи қўлига тушади, келмаса –  бебаҳо даври куяди.

Ҳозир таълим қай кўринишда?

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак – болалар синфларга тўпланади ва дарс тинглашга мажбурланади. Ўқитувчи ўз ишининг устаси – ҳақиқий педагог бўлса: болаларни фанга қизиқтириш истеъдодига эга бўлса, табиатан психолог бўлса, сўзи билан болаларнинг хаёлотини узоқларга олиб кетолса, бола тасаввурига «жон» ато этолса – бир манзара, бўлмаса – бошқа. Болангиз шундай устанинг қўлига тушса – омадингиз, бўлмаса... афсус.

Дарс жараёнида бола бир мавзуни яхши тушунолмай қолса – иш чатоқ – кейинги мавзуни ўзлаштиришга қийналади, ундан кейингисида – янада қийналади. Натижада боланинг бу фанга қизиқиши батамом сўнади. Энди у мазкур фан учун ўқувчи эмас, балки синфхонага шунчаки ташриф буюрувчи – «дарсга мажбурланган тингловчи».

Ўқувчиларнинг неча фоизи шундай ҳолатга дучор бўлиб келяпти, деб ўйлайсиз? Бу борада тадқиқот олиб борилмагани аниқ, аммо, бусиз ҳам ҳаммаси бизга аён – кўпчилигимиз ўз вақтида бундай ҳолатга дучор бўлганмиз. Яъни, ўзлаштирилмай қолган мавзу дастидан бирор фанни бориб-бориб ўрганолмай қолганмиз ва... ундан кўнглимиз совиган. Бу дард оммавий тус олган. Буни «қолиб кетган мавзу» эффекти деб атаса ҳам бўлади.    

Хулоса шуки, мамлакат бюджетининг салмоқли қисмини «ейдиган» таълимимиз кўпинча ота-оналар учун бир лотерея бўлиб, жамият учун эса ўз-ўзини овутиш воситаси бўлиб турибди. Мактабларимиз борми – бор, болаларимиз ўқияптими – ўқияпти. Аслида эса олий ўқув юртларига кириш учун болаларни асосан таълимнинг хусусий шакли – репетиторлар тайёрлаяпти. Яна денг, қисқа вақт ичида. Мактаб-чи?

Келинг, аввало «таълим нима?» деган саволга жавоб берайлик.