Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги Гулистон маҳалласида яшовчи Исроил Худойназаровдан мурожаат келиб тушди.
У ўз мурожаатида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан аёвсиз калтаклангани, тан жароҳатлари туфайли шифохонада даволанаётганини баён этган.
Ушбу ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида Навоий вилояти, Хатирчи туманига йўл олдик.

Хатирчи тумани марказий шифохонасининг травматология бўлимида даволанаётган И.Худойназаров билан учрашиб, унинг сўзларини тингладик.
Унинг айтишича, 2019 йил 21 январь куни соат 18:00дан кейин «Нексия-2» русумли автомашинасида уйига қайтаётганида, туман марказида ЙПХ ходимлари унга тўхташ ишорасини кўрсатишади. Спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун И.Худойназаров ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатни давом эттиради. Шундан кейин ЙПХ ходимлари уни таъқиб қилишган.
Хатирчи тумани, Хўжақўрғон маҳалласидаги «Наврўз» кафеси олдида унга етиб олган ЙПХ ходимлари ҳайдовчи И.Худойназаровга нисбатан куч ишлатишади ва унга тан жароҳати етказишади.
И.Худойназаров орадан икки кун ўтгандан кейин соғлиги ёмонлашгани боис шифохонага мурожаат қилган.
Жабрланувчининг аҳволи ва унга етказилган тан жароҳатлари ҳақида маълумот олиш учун Хатирчи туман марказий шифохонасининг бош травматологи Учқун Ҳаққулов билан суҳбатлашдик.

«Бемор шифохонага келганда унинг аҳволи ўрта оғир даражада эди. Зарур тиббий кўриклар амалга оширилди. Унда чап томонлама 5 ва 8- қовурғалар ёпиқ синиши, иккала ёноқ кўкариши, зарба туфайли бошининг чап томони лат ейиши аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли органларга хабар бердик. Айни вақтда даволаш жараёни давом этмоқда», – дейди шифокор.



Ўрганишимиз давомида мазкур воқеага гувоҳ бўлган, «Шихлар» қишлоғида яшовчи Анвар Қозоқов билан суҳбатлашдик.
«Кечки пайт «Наврўз» кафеси ёнидан ўтиб кетаётганимда, девор ортида бақир-чақир товушларни эшитдим. Бориб қарасам, ички ишлар ходимлари бир кишини аёвсиз калтакламоқда. Формада бўлишгани учун аралашолмадим», – дейди А.Қозоқов.















