Ўзбекистон | 09:51 / 30.01.2019
15215
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» тугатилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан вазирлик:

а) 2019 йил 1 июнга қадар салоҳиятли инвесторларни қизиқтирувчи дастлабки ҳисоб-китобларга эга аниқ лойиҳалар ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳар бир ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва инвестиция ҳажмига бўлган эҳтиёжини акс эттирувчи Ўзбекистон Республикасининг интерактив инвестициявий харитасини ишлаб чиқади ва жорий қилинишини таъминлайди;

б) бир ой муддатда:

Вазирликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларини зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга, Вазирликка юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдиришни;

Вазирликнинг таркибий ва қуйи бўлинмалари тўғрисидаги низомлар (уставлар), шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталида республика ҳудудлари экспорт салоҳияти, истеъмол бозорлари ҳажми бўйича статистик ҳисоботлар, санитар ва фитосанитар талаблар, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларига киришнинг бошқа шартлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган эркин фойдаланиш имконини берувчи электрон каталогнинг чоп этилишини;

Ўзбекистон Республикаси миллий маҳсулотлари брендини, жумладан, оммавий ахборот воситаларида танлов ташкил этиш орқали ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;

в) Вазирлик, унинг бўлинмалари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини аниқ натижа ва мақсадли индикаторларга эришиш, ташқи савдо ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларга мўлжалланган стратегия дастурлари сифатли ва самарали бажарилишини таъминлаш асосида баҳолашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чораларини кўради;

г) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда доимий равишда ташқи бозорлар талабларини, жумладан, хорижий мамлакатлардаги ваколатли органларга доимий равишда сўровлар жўнатиш орқали ўрганади, хорижда юқори талабга эга маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради ва умумфойдаланадиган шаклда жойлаштиради;

д) ташқи бозорларни таҳлил қилиш натижалари асосида маҳсулотга бўлган талабни, тегишли мамлакатга етказиб бериш рентабеллиги ва бошқа хусусиятларни инобатга олган ҳолда маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва рухсатномалар олиш масалаларини ҳал этиш мақсадида мамлакатлар ва маҳсулотлар рўйхатини ҳар йили 5 январга қадар ваколатли органларга тақдим этилишини таъминлайди;

е) тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

ўзаро ҳамкорликнинг аниқ ва самарали механизмларини ва бозорларда юзага келувчи вазиятларга ўз вақтида таъсир чорасини кўришни назарда тутувчи Вазирлик ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Кенгаш фаолияти тўғрисидаги Низомни;

Вазирликнинг бўлинмалари ва бошқа ваколатли органларининг мазкур соҳадаги ваколатларини аниқ белгилаган ҳолда, шунингдек, давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро фаолият юритиш механизмларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги Низомни;

Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Технологик ривожланиш агентлиги тўғрисидаги низомларни;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Вазирлик ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКни тугатиш чораларини кўради ва ушбу соҳада ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилот тузиш бўйича таклифлар киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид