Грипп энг кенг ва тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, деярли дунёнинг барча мамлакатларида учрайди. Бу касаллик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кўп ҳолатда рўйхатга олинади. Грипп касаллиги кўрсаткичларини мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь - март ойларига тўғри келади. Грипп вирусининг А, В ва С турлари мавжуд.
Касаллик манбаи фақат бемор одам ҳисобланади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамга тезда юқади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тўсатдан, ўткир бошланади.
Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил, айниқса заиф (нимжон, яъни иммун ҳолати паст) болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклари бўлганларда, яъни иммунитети паст кишиларда тез ривожланади ва оғир кечади.
Грипп нафас йўлларининг яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилиши, бош ва томоқ оғриши, бурун битиши, бурундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳани бузилиши баъзи ҳолларда қусиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади. Касалликнинг энг хавфли асоратлари ўпка тўқималарини яллиғланиши пневмония (зотилжам), менингит (мия пардасининг яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардасини ва моддасининг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшликларнинг яллиғланиши), нефрит, пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши).
Шунинг учун ҳам халқ орасида гриппнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари ёмон деган фикр бежиз айтилмаган. Баъзида, яъни гриппнинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради, чунки бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, оёқда ўтказадилар. Уларни касал ҳолатида жамоат жойларда, барча транспортларда, ўқиш ва иш жойларда учратиш мумкин.
Гриппни олдини олишда қуйидагиларни тавсия этамиз:
- гриппга қарши эмланиш;
- мавсумга хос кийиниш;
- ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш;
- хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва кунда намли тозалов ишларини ўтказиш;
- ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш профилактика ва ўқув муассасалари, болалар ва қариялар уйлари, ташкилот ва идораларда ҳамда турар жой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 даражадан паст бўлмаслиги;

















