13:45 / 07.02.2019
15505

Рустам Ашурматов Жанубий Корея клубига ўтди

Фото: Gwangju FC

«Бунёдкор» ҳимоячиси Рустам Ашурматов Жанубий Кореянинг «Гвангжу» клубига ўтди. Ушбу маълумотни бугун ҳар икки клуб расман тасдиқлади.

22 ёшли футболчи гвангжуликлар клуби билан 2 йиллик шартномага имзо чеккан.

«Гвангжу»нинг услуби менга ёқди. Жамоамга мослашиб, яхши ўйин кўрсатиш истагидаман», – деган Ашурматовнинг сўзларини келтирмоқда корейс клуби расмий сайти.

Ашурматов «Бунёдкор» асосий таркибида 2015 йили дебют ўйинини ўтказган. У ўтган тўрт мавсумда чемпионатда 91 ўйин, Ўзбекистон кубогида 19 ўйин ва Осиё Чемпионлар лигасида 13 ўйинда «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилди. Бу баҳсларда у беш марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

Рустам ўсмирлар ўртасидаги Осиё ва Жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган. 2018 йил январида Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасида (U-23) Осиё чемпионатида чемпионликни қўлга киритган.

Шунингдек, Рустам Ашурматов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам 5та ўртоқлик ўйинида қатнашган. 

Маълумот учун, «Гвангжу» клуби 2010 йилда ташкил топган ва нуфузи жиҳатдан Жанубий Кореяда иккинчи ҳисобланмиш Кей-Лига 2 мусобақасида иштирок этади.

Top