Таажжуб... Қадимдан инсонлар савоб умидида йўл, қабристон, мактаб, масжид учун ўз мулки бўлган ерни кечиб беришган.

Бироқ, навбатдаги мурожаатда кўтарилган муаммоли масала – Фарғона вилояти Қува туманидаги Қорашоҳ маҳалласидаги ҳолатга ҳайрон қолдик. Бу ҳақда имкон даражасида қисқароқ қилиб ёзишни мақсад қилган бўлсак-да, масалага оид ҳужжатларнинг мўллиги мақола салмоғини анча оширди.

“Стадионда тадбиркорлик” операцияси ёхуд қонунларни четлаб ўтиш

 Қорашоҳ МФЙда истиқомат қиладиган оилаларнинг 650 нафардан зиёд фарзандлари ўз ҳудудларидаги 44-умумтаълим мактабида таълим ва тарбия оладилар.

Ҳамма ўқув даргоҳларида бўлгани сингари мазкур мактабда ҳам ўзига бириктирилган стадион мавжуд. Стадион 28 йилдан бери таълим муассасасига хизмат қилиб келмоқда. Унинг олди қисмида ҳарбий тайёргарлик бўйича спорт анжомлари – турник, брус ва бошқа жисмоний машқлар учун снарядлар ўрнатилган, қолгани атрофида югуриш учун жой бўлган футбол майдони. Стадионнинг эгаси мактаб эканлиги эса, 1990-йилдаги колхоз правлениеси мажлисида қарор билан тасдиқланган.

Ажаб ва минг ажабки, шу ерлик тадбиркор, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак “Қосимов Сирожиддин чорваси” раҳбари Иномжон Қосимов стадион ҳудудида ишбилармонлик қилиб, маиший хизмат объектлари қуришни ихтиёр этибди. Қонун бўйича, бундай фаолият юритиш учун ҳудуддаги бўш турган, қаровсиз жойлардан ер ажратилади. Стадион умумий таълим мактаби балансида туради; ер майдони Халқ таълими вазирлигининг рухсати билан туман ҳокимлиги захирасига олинмаса, тендерга қўйилмайди, яна бир дунё ҳужжатлар тўплами ҳам керак. 

Қувада ҳар қандай ишни ими-жимида битириб юборса бўлар экан. “Уддабурон тадбиркор” қандай қилиб “қор ёққани қалов топган”, билмадик. Уни қарангки, Иномжон Қосимов, стадион ҳеч кимга керак эмаслиги ҳақида МФЙ вакиллари қарорини чиқарган, туман халқ таълими бўлимидан ер майдонида дўкон қуришга “Розилик хати” олган (лекин мазкур хат ХТБ девонхонаси рўйхатидан ўтмаганлиги аниқ бўлди), ер майдонини танловга қўйдириб, ютиб, ер майдонидан фойдаланиш бўйича туман ҳокими қарорини ҳам чиқара олган.