Дактилоскопия ─ бармоқ излари орқали шахсни аниқлаш ҳақидаги фан ҳозирда турли соҳаларда самарали қўлланилади. Унинг пайдо бўлиш тарихи ҳақидаги мақола Postda газетасида берилди.
Уильям Ҳершель XIX асрнинг охирларида Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги маъмуриятида хизмат қиларди. У маош олиш учун келадиган аскарлар сони йилдан йилга кўпайиб бораётганлигига ҳайрон бўлади. Бу ҳодисанинг тагига ҳеч етолмасди. Чунки юз кўринишига қараб ҳиндларни фарқлай олмасди. Маҳаллий аҳоли вакиллари эса бундан усталик билан фойдаланишар ─ бир куни ўзлари ойлик олишса, эртаси куни маош олгани бирор қариндошини жўнатишарди. Бунинг устига уларнинг аксарияти саводсиз эди.
Охири тоқати тоқ бўлган Ҳершел улардан рўйхатдаги ўз фамилиясининг тўғрисига ва тўлов қоғозига бармоқ изларини қолдиришни талаб қилди. Синчиклаб қараса, бир одамнинг бармоқ изи бошқасиникига ўхшамас эди. Шундан сўнг анатомия дарсликларини варақлаб, ўзининг кашфиётини бармоқдаги папилляр чизиқлар ёрдамида асослади.
Пул тўлаш борасидаги муаммони ҳал этгач, орадан бироз вақт ўтиб, Бенгалиядаги қамоқхонада тартиб ўрнатишга киришди. Гап шундаки, содир этган оғир жиноятлари учун бу ерда жазо ўтаган айрим маҳкумлар озодликка чиққач, ўзларини ижтимоий хавфли бўлмаган жиноятлари учун жазо ўтиб чиққан кишидек кўрсатишарди. Ҳершелнинг кўрсатмасига кўра, маҳкумлар рўйхатига уларнинг бармоқ излари илова қилингач, бундай ҳолларга бутунлай чек қўйилди.
«Бошингизни даволатиб келинг»
Ютуқлардан руҳланган Уильям Ҳершель кашфиётининг самарасини Англияда синаб кўрмоқчи бўлди. Бунинг учун лорд Жеймс Тинчберннинг миллионлик мероси билан боғлиқ масалани ҳал этишда ўз хизматини таклиф қилди. Ушбу жараён 30 йилдан буён давом этиб келаётган эди. Австралиялик Кастро фамилияли фирибгар ўзини лорднинг бедарак йўқолган ўғли деб таништириб, унинг беҳисоб бойликларига даъво қила бошлади. Лорднинг кўзи хиралашиб қолган бевасини алдашга, унинг қариндошлари, шифокор ва адвокатларни ҳам чалғитишга муваффақ бўлади. Фирибгарни фош этиш учун бир неча йил ва катта миқдорда суд харажатлари талаб қилинди. Ҳершель Англия турмалари бош директорига йўллаган хатида ўз усули ёрдамида Кастрони осонгина фош эта олишини баён қилади. Аммо директор унга бошини даволатишни тавсия қилади.
Криминалистикада самарали усул
Охир-оқибат Ҳершелнинг кашфиёти бутун дунёда кенг қўллана бошлади. Айниқса, Англияда ушбу усулдан самарали фойдаланилди. Масалан, 1948 йилда тўрт ёшли қизалоқ Жунн Энн Дев ўлдирилганидан кейин полициячилар томонидан криминалистика тарихида мисли кўрилмаган чора қўлланилди. Жиноят содир этилган Блекберн шаҳрининг катта ёшдаги эркакларини ёппасига текширувдан ўтказишга, яъни ҳамманинг бармоқ изларини олишга қарор қилишди.

















