Тилни ножўя ишлатиш ҳалокатга, қўлни ножўя ишлатиш эса жиноятга йўлиқтиради. Биз учун ҳаёт-мaмот масаласи саналган бола тарбиясида сергаклик, оқиллик ва одилоналик муҳим ўрин тутади. Бир қарашда майда-чуйдадек кўринган кичик камчиликлар вақти келиб катта муаммоларни келтириб чиқариши турган гап. Тарбия билан боғлиқ ҳар қандай муаммонинг тубида лоқайдлик, бефарқлик ва масъулиятсизлик ётади. Ота-оналар вақт бемаҳал бекорчиликдан кўча-кўйда мақсадсиз юрган фарзанди билан қизиқмаса, унга меҳр бермаса, эътибор қаратмаса,  бундай ёшларнинг тақдири не кечади? Ахир фарзанд тарбиянинг асосини ота-онасидан олади-ку! “Унинг уйдан чиқиб кетаётганини ота-онаси кўрмадимикан?!” деган савол туғилади беихтиёр. 

Кун сари кенгайиб бораётган интернет-кафеларда ўсмир ёшларнинг нима билан машғуллиги нафақат ота-онани, балки бутун жамиятни сергаклантириши лозим. Чунки, уларнинг ўйнаётган ўйинлари ваҳшийлик, шафқатсизлик ва жангариликни тарғиб қилмоқда. Тунги клубларда ҳам навқирон йигит-қизларимизнинг телбанамо рақслари, гиёҳвандлик, ичкилик таъсиридаги ўзаро баҳс ҳамда тортишувлари турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқармоқда. 

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш, вояга етмаганлар орасида маъмурий ва майда безориликларни барвақт олдини олиш, ҳарбий хизматдан қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ҳар ойнинг охирги 10 кунлигида ҳудудларда “Барчаси ўз қўлингда” шиори остида тарғибот декадаси ўтказилмоқда. Мазкур декадага Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия масъул ходимлари, туман (шаҳар)лардан шакллантирилган 1 750 нафар тарғиботчи ёшлар ҳамда 7  600 нафар кўнгилли ёшлардан иборат “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари иштирокида 197 маротаба тунги рейд ўтказилди. 87 та таълим муассасасида “Ўқувчи”, “Тиғ” профилактик тадбирлари ташкил этилиб, 780 нафар вояга етмаган ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. 120 нафар ёш таълимга қайтарилиб, 34 нафар фарзандларининг таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналарга маъмурий баённомалар тузилди.

Тарғибот декадаси доирасида тарбияси оғир ва жиноят содир этишга мойил бўлган 93 нафарга яқин ёшлар билан якка тартибда суҳбатлар уюштирилиб, улар  тиббий кўрикдан ўтказилди.

Маҳаллалардаги 530 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ва тарбияси оғир ёшлар иштирокида жойларда 156 маротаба “street sport”, “workout” спорт мусобақалари ўтказилди, ҳудудлардаги 92 та ҳарбий қисмларда ҳарбий аскарлар билан учрашувлари ташкил этилди.