Спорт | 14:22 / 14.02.2019
12097
3 дақиқада ўқилади

«Ухламай чиққан, ҳатто қаердалигимни билмасдим». Лопетеги ёздаги воқеаларни ёдга олди

Фото: Getty Images/Angel Martinez

«Реал»нинг собиқ бош мураббийи Хулен Лопетеги BBC билан суҳбатда бўлди. У октябрь ойида Мадрид клубидан бўшатилганидан буён матбуотда деярли кўриниш бермаганди.

Суҳбатда Лопетеги 2018 йил ёзида бўлган воқеалар, хусусан ЖЧ-2018 арафасида Мадрид клуби бош мураббийига айлангани ва бунинг эртасига Испания терма жамоасидан ишдан бўшатилганига оид хотираларини ёдга олди.

«Реал» билан келишувни бир ой сир сақлаш имконсиз эди, бу виждонсизлик ҳам бўларди. Ўшанда матбуот анжумани ўтказиб, масалани ёпиш ва диққатни тўла ЖЧга қаратганимиз маъқул эканига ишончимиз комил эди.

Испания таркибида жуда зўр футболчилар йиғилганди. Уларга «Реал» билан келишиб олганимни айтганимдан сўнг уч ҳафталик тайёргарлик доирасидаги энг яхши машғулотимизни ўтказгандик. Биз хурсанд эдик, аммо якунда президент (Испания футбол федерацияси президенти Луис Рубиалес назарда тутилмоқда – Tribuna) ўша қарорни қабул қилди. Бу мен учун жуда қийин дамлар бўлганди. Ҳеч қачон унутмайман, чунки бу мен учун мутлақо кутилмаган янгилик эди. Менга нисбатан адолатсизлик қилишди, деб ўйлардим.

Москвадан Мадридга беш соатда учиб бордим ва «Бу – ҳаёт» дейишдан бошқа сўз айтмадим. Бошимдан ўтган бу тажриба жуда аччиқ эди, аммо сен вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга уриниб кўришинг керак», – деди Лопетеги.

Мураббий «Реал»нинг янги бош мураббийи сифатида таништирилган пайтда кўз ёшларини базўр ушлаб турганди.

«Мен ухламагандим, қаердалигимни ҳам билмасдим. Бир кун олдин мен Россияда эдим – Жаҳон чемпионатига тайёрланаётгандим, эртасига эса янги жамоа билан «Сантьяго Бернабеу»да турардим.

Ҳаммаси жуда тез содир бўлди, ҳиссиётларни жиловлаб бўлмасди. Жаҳон чемпионатини тарк этишимни сўрашлари оғир ботганди. Мен шу ҳиссиётлар билан бу орзум йўлида қаттиқ ишлагандим. Мен инсонман, баъзида туйғуларни жиловлаш имконсиз бўлиб қолади», – дейди Лопетеги.

Мавзуга оид