Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Лалмикор маҳалласи фуқаролари номидан қуйидагича мурожаат келиб тушгач, шу ҳудуддаги 6-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлиб, мавжуд вазият билан яқиндан танишдик.

«Ҳурматли Kun.uz таҳририяти ижодкорлари. Ғаллаорол тумани «Лалмикор» МФЙдаги 6-болалар боғчасида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳолатлар бўляптики, уни ошкор этмасак ноҳақликлар давом этаверади. Боғчадаги пала-партишликлар, гўдаклар ҳақига хиёнат, ишчи ходимларнинг инсоний манфаатлари топталиши олди олинишида бизга ёрдам беринг. Ишчи ходимлар рағбат пулларни олмаса, ҳатто билмаса, бунинг ҳузурини мудира кўрса, ҳақимизни сўрасак «мен текширишга келган комиссиянинг оғзини ёпганман», деса? Таҳририят ходимлари! Сизлардан илтимос, келиб вазиятни ўрганиб, бизга ҳақиқатни юзага чиқишида ёрдам беринг».

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида боғча ҳудудига кириб бордик. Соат кундузги 12:00, тўғри ошхонага ўтамиз.

У ерда пахта даласидаги шийпонларда таом пиширишда ишлатиладиган дошқозонга кўзимиз тушди.

Дала ошхонасидаги қозонда бир бўлак ҳам гўшти бўлмаган карамли шўрва тайёрланаётганди. Кўп ўтмасдан қўлида бир челакка солинган, гўшти шилиниб олинган суякларни кўтариб ошпаз кириб келди. Чақирилмаган меҳмонларни кутмаган ошпаз қозонда бир бўлак ҳам гўшт йўқлиги сабабини изоҳлаб бера олмади. Сезишимизча, ошпаз гўшти шилиб олинган товуқ суякларини қайнаб турган қозонга солмоқчи эди.

Ошхонада болалар учун муассаса мудираси томонидан тасдиқланган бугунги таомномани сўрадик. Бош ошпаз жавоб бера олмагач, текширувчиларни кўравериб, кўзи пишиб қолган ёрдамчи ошпаз таомнома боғча ҳамширасидалигини, ҳамшира эса туман марказига кетганини айтди. Қизиқ, аслида болалар кунлик таомномаси ошхонада бўлиши керак эмасми? Аниқланишича, шу куни 210 нафар бола учун тушлик тайёрланган. Меъёр бўйича ҳар бир болага 100 граммдан гўшт ишлатилиши лозим. Шундай экан, таомга ўртача 22 кг гўшт маҳсулоти солиниши керак эмасми? Афсуски, сиз суратда кўриб турган гўшт маҳсулотлари узоғи билан 4 килограмм чиқади. Бунинг устига, овқат пишай деб қолган, гўшт эса ҳали ҳам қозонга солинмаган.

Мактабгача таълим муасасаси 150 ўринга мўлжалланган бўлиб 1969 йили қуриб фойдаланишга топширилган. Шу ерлик аҳоли вакилларининг маълум қилишича, ўтган давр давомида бор-йўғи икки марта таъмирланган. Кўринишидан, тарбия маскани чиндан ҳам капитал таъмирга муҳтож. Гуруҳ хоналаридаги антисанитария ҳолатларини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Болалар сони кўплигидан кичик омборхонадан ҳам фойдаланилади.