Юриш –инсон учун энг оддий ва фойдали машғулот. Econet.ru бир неча нуфузли манбалардан юришнинг фойдасига оид илмий далиллар билан бўлишди.
Юриш тана учун энг табиий жисмоний жараён ҳисобланади. Шундай бўлса-да, аксарият одамлар имкон қадар камроқ пиёда юришга ҳаракат қилади. Инсоният камроқ юриш учун нималар ўйлаб топмади дейсиз: эскалаторлар, лифтлар, электросамакатлар, сигвей, автомобиллар ва ҳ.к. Ваҳоланки, илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан пиёда юриш – умрни узайтириш учун жуда фойдали машғулот.
Хўш, нима учун пиёда юриш – энг фойдали машғулот?
1. Пиёда юриш – бу секин югуриш
Бироз кулгили эшитилиши мумкин, лекин экспертлар мантиғига таянадиган бўлсак, жисмоний машқлар самараси уч омилга боғлиқ – интенсивлик, давомийлик ва машқларнинг умумий частотаси.
Нуфузли American Heart Association ва American College of Sports Medicine ташкилотлари ҳафтасига камида 5 марта, кунига 30 дақиқа пиёда юришни тавсия қилишади. Худди шу ташкилотларнинг югуриш учун тавсияси эса: ҳафтада 3 марта, 20 дақиқадан.

2. Пиёда юриш ва калорияларни йўқотиш
Масалан, 70 кг вазнга эга киши югуриш вақтида соатига тахминан 500-600 ккал сарфлайди, худди шу одам пиёда юриш давомида соатига 250 ккал сарфлайди. Бошқача айтганда, ортиқча калорияларни йўқотиш бўйича ярим соатлик югуриш бир соат пиёда юришга тенг экан.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, калориялар устида ишлаш керак бўлса, яхшилаб ўйлаб кўринг, сизга 2-3 соат пиёда сайр қилган маъқулми ёки 1 соат югуриш. Охир-оқибат йўқотилган калориялар миқдори бўйича самара бир хил бўлади.
3. Илм-фан пиёда юришнинг фойдаси ҳақида
Эксперт ва олимларнинг пиёда юришнинг фойдаси ҳақидаги фикрларни Гиппократдан бошлаш мумкин, у тахминан 2400 йил аввал “Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси” деб айтган.
University College London’нинг икки олими 1970 йилдан 2007 йилга қадар пиёда юришга доир барча тадқиқотларнинг мета-таҳлилини ўтказган. Улар 4295 мақолани ўрганиб, улардан ишончлилик даражаси бўйича энг юқори ҳисобланган 18 тасини саралаб олган. Бу 18 тадқиқот умумий ҳисобда юрак касалликларидан жабрланмаган 459 833 кишини қамраб олган. Уларнинг бари 11,3 йил давомида назорат остида бўлган, ҳаммаси турли касалликлар, асосан юрак-қон томир тизими касалликлари (юрак хуружи, инсультлар, қон томирлари операцияси, ангиопластика, ангина ҳамда ўлим ҳолатлари)га кузатилган.
















