Ўзбекистон | 12:40 / 20.02.2019
7906
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга нефть етказиб беришга тайёр

Фото: Reuters

Қозоғистон Ўзбекистонга йилига 5 миллион тоннагача нефть етказиб беришга тайёр, аммо бунинг учун тегишли инфратузилмани яратиш зарур. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Канат Бозумбаев хабар берди, деб ёзмоқда Kursiv.kz.

«Бугунги кунда нефть соҳасида, Ўзбекистоннинг нефтга бўлган талабини қондириш мақсадида, 2018 йилда биз 260 минг тоннадан зиёд маҳсулот етказиб бердик. Қозоғистон Кенкияк-Қумқол нефть қувури орқали, кейин Шагирт станциясидаги темир йўл цистерналарига ўтказган ҳолда Ўзбекистонга ўз ресурсларидан нефть етказиб беришни давом эттиришга тайёр. Айни пайтда ушбу йўналиш бўйича тариф бир тонна учун 25,12 долларни ташкил қилади. Ўзбекистоннинг мурожаатига кўра Россия Федерацияси йилига 1 миллион тоннагача нефтни Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Қозоғистон транзит томон сифатида кўрилади», - деди у, Қозоғистон Республикасининг «Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг айрим масалалари бўйича ҳадли битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этиб.

Қозоғистоннинг ўзи ҳам Ўзбекистонга нефть етказиб беришдан манфаатдор.

«Ўзбекистон йилига 5 миллион тонна нефтни, шу жумладан, Қозоғистондан 2 миллион тоннагача, Россиядан эса - 3 миллион тоннагача сотиб олишга қизиқиш билдиряпти. Шунингдек, фақат Қозоғистондан 5 миллион тонна маҳсулотни етказиб бериш имконияти кўриб чиқилмоқда», - деди Бозумбаев.

Ўзбекистонга 5 млн тоннагача бўлган нефтни барқарор етказиб бериш учун транспорт инфратузилмасига сезиларли сармоя киритилиши керак, айнан эса, Россия нефтининг Қозоғистон ҳудуди орқали транзитида ТОН-2 нефть қувурини ҳозирги 11 млн тоннадан 17,5 млн тоннагача кенгайтириш талаб қилинади.

Шу билан бирга, «Трудовое» нефть станциясини реконструкция қилиш керак - тахминий инвестициялар 70,6 миллион долларга тенг. Йилига 5 миллион тонналик қувватга эга бўлган, Қозоғистон жанубини Ўзбекистон билан боғлайдиган янги нефть қувури қурилиши 133,5 миллион долларга тушади.

«Зарур инвестициялар ҳисобга олинган ҳолда, Қозоғистондан Ўзбекистонга нефть ташишга тариф бир тонна учун 60 долларни, Россиядан нефть транзитида эса бир тоннага 38 долларни ташкил қилиши мумкин. Қозоғистондан Ўзбекистонга етказиб бериш Қозоғистон ғарбий ҳудудларидан, асосан, Тенгиз, Қашаған ва Қорачаганоқ конларидан амалга оширилиши мумкин бўлади», - деди Бозумбаев.

Мавзуга оид