Ўзбекистон | 17:22 / 26.02.2019
4815
4 дақиқада ўқилади

"Ўзатом": 2030 йилга бориб Ўзбекистон электр энергиясининг 15 фоизи ядровий манбалардан олинади

Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилиши 2030 йилга бориб мамлакат электр энергиясининг 15 фоизи ядровий манбалардан олинишига ва 2032 йилга бориб мамлакат электроэнергиясининг 20 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишга доир мақсадига эришишда ёрдам беради. "Ўзатом" агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Буюк Британиянинг FDI Magazine интернет журналига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилган.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда табиий газга ҳаддан ташқари тобеъ, зеро у умумий энергетик қувватнинг 85 фоизини ташкил қилади.

"Ядровий энергетикага киритиладиган инвестициялар вазиятни ўзгартириши мумкин. 2030 йилга бориб Ўзбекистон электр энергиясининг 15 фоизга яқини ядровий манбалардан олиниши кутилмоқда", - дейди у.

"Ўзатом" агентлиги бош директорининг қайд этишича, атом энергетикаси "соф" энергия сифатида Ўзбекистонга 2032 йилга бориб мамлакат электроэнергиясининг 20 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишга доир мақсадига эришишда ёрдам беради. Шу билан бирга, атом энергетикаси Ўзбекистонга ҳавога чиқарилувчи зарарли чиқиндиларни қисқартириш имконини беради. Йиллик ҳисобда карбонат ангидрид чиқиндилари 14 миллион тоннага ва азот оксиди 36 минг тоннага қисқаради.

"Ўзбекистонда қурилиши таклиф этилаётган янги электр станцияси шунингдек 3,5 миллиард кубометр табиий газни тежаш ва ундан бошқа - қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки экспорт каби мақсадларда фойдаланиш имконини беради. Жорий прогнозларга мувофиқ, бу йилига 550-600 миллион доллар қўшимча даромад келтириши мумкин. Шунингдек кенг кўламли минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар ҳам мавжуд. Марказий Осиё электр энергия тармоғи қайта тикланмоқда ва Ўзбекистон қўшниларга ёрдам кўрсатишда муҳим роль ўйнаши мумкин", - дея таъкидлайди Мирзамаҳмудов.

FDI Magazine мухбирининг "АЭС қандай молиялаштирилади?" деган саволига у қуйидагича жавоб берган:

"2019 йилнинг январида "Ўзатом" лойиҳалаштириш, харид ва қурилиш (ЛХҚ) учун шартномалар муҳокамасига киришади. ЛХҚ шартномалари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукуматининг имтиёзли кредитлари билан ҳамкорликда молиялаштирилади. 2019 йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтадиган музокараларда якуний деталлар белгиланади, молиявий келишув эса 2019 йилнинг тўртинчи чорагига бориб тақалади. Биз учун устувор вазифа Ўзбекистон учун энг яхши молиявий келишувни таъминлаш ҳисобланади".

Шунингдек Британия нашри ядровий ривожланишга нисбатан геосиёсий ёки хавфсизлик нуқтаи назардан қандайдир хавф-хатарлар бор ёки йўқлигига қизиқиш билдирган.

"Биз Ўзбекистонда ядровий материаллар, технологиялар ва радиоактив материалларни тарқатмасликка доир масъулиятни тўлиқ англаб етаяпмиз. 1994 йилдан буён "МАГАТЭ"нинг фаол аъзоси ҳисобланамиз ва у бизга ички регулятор тизими ва янада кенг норматив базани яратишда ёрдам кўрсатиш масъулиятини олди", - дейди у.

Бундан ташқари, Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг нашрга маълум қилишича, 2018 йилнинг сентябрида имзоланган Ўзбекистон-Россия ҳамкорлик ва атом электр станцияси қурилишига оид ҳукуматлараро келишуви радиоактив чиқиндилар билан ишлаш бўйича ҳамкорликни ўз ичига олган.

Унинг таъкидлашича, "Ўзатом" радиоактив чиқиндиларни қайта ишлашга йўналтирилган технологиялардан фойдаланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, радиоактив чиқиндиларни сақлаш стратегияси хавфсизлик бўйича барча халқаро қонун ва талабларга мувофиқ келади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид