Ўзбекистон | 10:44 / 27.02.2019
5124
2 дақиқада ўқилади

Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан қора металларни сотиб олиш осонлашди

Фото: zavodkm.com

Ҳукумат комбинат марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган харидорларга тўғридан-тўғри шартномалар асосида биржа савдоларисиз сотадиган қора металлар прокатининг ҳажмларини тасдиқлайди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 18.12.2017 йилдаги ПҚ–3438-сон қарори 2-бандига мувофиқ, «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган қора металлар прокатини ажратиш (етказиб бериш) фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади. Фақат такрорий биржа савдоларида прокатга талаб бўлмаган тақдирда уни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича экспортга сотишга рухсат берилади.
 
2019 йил 23 февралдан бошлаб қоидадан истисно жорий этилди. «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган қора металлар прокати марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилиши мумкин. Рухсат бериладиган ҳажмларни Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг таклифи бўйича белгилайди.
 
Янгилик марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган истеъмолчиларга ҳам «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширмасликка рухсат берадиган кўринади. Илгари биржа савдолари орқали харид қилинадиган товарлар Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатига кириши сабабли улар ҳам мажбурий саналмас эди.
 
Ҳужжат 23.02.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид