00:22 / 03.03.2019
6277

Афсонавий Федерер фаолиятидаги 100-унвонни қўлга киритди

Фото: EPA-EFE/ALI HAIDER

Афсонавий теннисчи Рожер Федерер Профессионал теннисчилар ассоциациясининг Дубайда ўтган мусобақаси ғолиби бўлди. 

37 ёшли Федерер финалда грециялик Стефанос Циципас устидан 6:4, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонган. 

Бу Федерер учун фаолиятидаги 100-унвон бўлди. У америкалик Жимми Коннорсдан кейин ATP’нинг 100 та мусобақасида ғолиб бўлган иккинчи теннисчи бўлди. Коннорс замонавий теннисда ғалабалар бўйича рекордчи ҳисобланади. Унинг ҳисобида 109 та унвон бор.

Федерерга “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақалардаги ғалабалар бўйича рекорд тегишли. У бу сериянинг 20 та мусобақасида ғолиб бўлган: Австралия очиқ чемпионатини 6 марта, Франция очиқ чемпионатини бир марта, Уимблдонни 8 марта ва АҚШ очиқ чемпионатини 5 марта ютган. 

Швейцариялик теннисчи, шунингдек, ATP рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллаб туриш ҳафталари бўйича рекордчи ҳисобланади (310 ҳафта).

Top