Спорт | 18:36 / 10.03.2019
6122
3 дақиқада ўқилади

«Ар-Райян» бош мураббийи: «Жамоамни шакллантиришни «Локомотив» билан ўйиндан бошлайман»

ОЧЛ гуруҳ босқичининг 2-туридаги «Ар-Райян»-«Локомотив» учрашуви олдидан матбуот анжуманида мезбон жамоанинг янги бош мураббийи Жилсон Соза ва яримҳимоячи Муҳаммад Алааэлдин иштирок этди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири Доҳадан хабар беради.

«Биламиз, ўйин қийин бўлади. «Локомотив»нинг баъзи ўйинларини кўриб чиқдим. Жамоада жуда яхши футболчилар жамланган. Ҳимоядан ҳужумга тезкорлик билан ўта олади. Жамоа тезкор ўйин кўрсатади, юқори прессинг қўллайди. Уларга қарши қўлимиздан келган барча ишни қиламиз, чунки кейинги босқичга чиқишни истаймиз.

Жамоа ўтиш даврида турибди. Эртанги ўйин учун асосий режам – жамоани келажак учун тайёрлаш. Футболчилар бир-бирларини яхшироқ тушуниб ўйнай бошлашларига эришмоқчиман. Эртага майдонда нима қилишимиз кераклигини биламиз.

Мен бу клубда узоқ йилдан ишлаб келяпман. Жамоа  менга бегона эмас. Бу борада муаммо йўқ, барчамиз дўстлармиз. Вазиятни ўзгартириш учун меҳнат қиламиз», – деди Соза.

Маълумот учун, бразилиялик мутахассис шу ҳафта бошида, кетма-кет учта йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин истеъфога чиқарилган Булент Уйғуннинг ўрнига мавсум якунига қадар бош мураббий этиб тайинланган. У бунга қадар футболчи сифатида ҳам «Ар-Райян» шарафини ҳимоя қилган. Соза бош мураббий бўлишидан олдин клубнинг 23 ёшгача футболчилардан иборат жамоасига устозлик қилиб келаётганди.

Матбуот анжуманида Созага ҳамроҳлик қилган 25 ёшли яримҳимоячи Муҳаммад Алааэлдин аввалги турда «Ал-Иттиҳод»дан қабул қилинган 1:5 ҳисобидаги мағлубиятни унутиш муҳимлиги ҳақида гапириб ўтди.

«Ўйин қийин бўлишига шак-шубҳа йўқ. Биринчи турда «Ал-Иттиҳод»га ютқаздик, ваҳоланки яхшироқ ўйнаб, дуранг қайд этишимиз ҳам мумкин эди. Энди эртанги ўйинда енгилишга ҳаққимиз йўқ. Адашмасам, «Локомотив» билан илк марта ўйнаяпмиз, бу жамоа билан тўқнашувларни ижобий бошлай олишимизга умид қиламан.

Бутун жамоа йиғилиб, гаплашиб олдик – ўтган ўйинни унутишимиз керак. Эътиборимизни олдиндаги ўйинга қаратганмиз. Олдинда бизни кўплаб баҳслар кутиб турибди», – деди Муҳаммад Алаэлдин.

Эслатиб ўтамиз, «Ар-Райян»-«Локомотив» учрашуви 11 март, душанба куни Доҳадаги «Jassim bin Hamad» стадионида маҳаллий вақт билан соат 18:35да (Тошкентда 20:35) старт олади. Унда мезбонлар қизил, меҳмонлар оқ рангли либосда майдонга тушади. Учрашув бош ҳаками – япониялик Ҳироюки Кимура.

Мавзуга оид