“Ўзбекэнерго” АЖ томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, президентнинг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан 2021 йил якунига қадар 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва тақсимловчи корхоналар ягона электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланиши кўзда тутилган.
Шунга кўра, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компаниясининг ҳамда Қўқон, Ангрен шаҳарлари “Toshelectroapparat” МЧЖ ХКнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда Қўқон шаҳрида 53 097 дона ва Ангрен шаҳрида 42 711 дона “Toshelectroapparat” МЧЖ ХК томонидан етказиб берилган ҳисоблагичлар ўрнатилди. 2019-2020 йилларда Фарғона ва Тошкент вилоятларининг барча истеъмолчиларига замонавий электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланади.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида 42 минг дона, Жиззах шаҳрида 22 минг, ҳамда Самарқанд шаҳарида 45 мингдан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. 2019 йил мобайнида Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1,0 млн. дона ва 2020 йил биринчи ярим йилликда 400 минг дона замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган.
“Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг Манас қўрғонида 2018 йилда жами 1144 нафар истеъмолчига «Toshelectroapparat» МЧЖ ХК томонидан ишлаб чиқарилган замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шу билан бирга, жорий йилнинг мартидан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «Elektron Hisoblagich» ҚК томонидан етказиб берилган замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди. Жорий йилда Тошкент шаҳрининг барча туманлари автоматлаштирилган тизимга уланиши кўзда тутилган. Қувонарлиси, замонавий ҳисоблагичларнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда.
– Ушбу ҳисоблагичлар аввалгиларидан 20 дан зиёд функцияларни бажара олиши билан фарқланади, – дейди, “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов. – Хусусан, истеъмолчиларимиз келгусида электр таъминоти корхонаси ёки банклар эшигида узундан-узун навбатларда туришмайди. Электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини суратга олиб, ниманидир исботлашга мажбур бўлмайдилар.















