Тошкент шаҳрида 19,9 млрд сўм бюджет маблағининг талон-торожи фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖнинг масъул шахслари ҳамда бошқалар ўзаро тил бириктириб, гўёки электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш мақсадида 19 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шунингдек, “Texnopark” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан истеъмолчиларга ўрнатилган 273 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичларининг кам ҳисоблангани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 861,1 млн сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.