Ўзбекистонда оғирлик ва габарит назорати тизими пайдо бўлади. Бу ҳақда президентнинг “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Хусусан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб автомобиль йўлларида оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ҳамда кўчма шохобчаларни ташкил этиш тартиби жорий этилади. Бу шохобчалар транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланади.

Бундай шохобчалар, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

Транспорт вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар автомобиль йўлларида давлат-хусусий шериклик объектлари рўйхатини, регламентни ва инвесторларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида танлаб олиш механизмини назарда тутувчи оғирлик ва габарит назорати бўйича махсус пунктларни ташкил этиш юзасидан фаолиятни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
 
Бундан олдин, якка тартибдаги тадбиркорларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши хабар қилинганди.