2018 йилнинг январь-октябрь ойларида Россия аҳолиси сони 78,7 минг кишига камайди, деб маълум қилди Росстат. Бу Россияда кейинги 10 йил ичида аҳоли сонининг илк бор камайишидир. Сўнгги марта бундай ҳолат 2008 йилда қайд этилган: миграцион оқимнинг табиий камайиш ўрнини тўлдира олмагани натижасида аҳолиси сони 10,3 минг кишига камайган.

Ўтган йил декабрида Росстат аҳолининг табиий камайиши 2018 йилнинг 11 ойи давомида 180,5 минг кишини, миграцион ўсиш эса 101,8 минг кишини ташкил қилганини билдирганди.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Россияда 146 миллион 793,7 минг киши истиқомат қилади, бир йил аввал бу рақам 146 миллион 880,4 минг кишини ташкил этганди.

Мигрантлар келиши камайди

Аввалроқ БМТ 2050 йилга келиб Россия аҳолиси сони 11 миллион кишидан кўпроққа камайиб, 133 миллион кишини ташкил этишини тахмин қилганди. 2018 йил январь-октябрь ойларида туғилиш 1,352 миллион нафарни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 66 мингга камдир.

Росстат маълумотига кўра, аҳоли сони камайиши биринчи навбатда қишлоқ жойларда юз берган. Шаҳар аҳолиси сони 2019 йил 1 январь ҳолатига 109 миллион 451,3 минг кишини (2018 йил 1 январь ҳолатига 109 миллион 326,90 минг киши) ташкил этган бўлса, қишлоқ аҳолиси сони 37 миллион 342,4 минг кишини (2018 йил 1 январь ҳолатига 37 миллион 553,5 минг киши) ташкил қилган.

Россия аҳолиси сони 2018 йилдан камая бошлаши ҳақида ўтган йили РАНХиГС ва Гайдар институти экспертлари огоҳлантиришганди.

Уларнинг июль ойидаги мониторингида аҳолининг миграцион ўсиши қисқаришда давом этаётгани ва табиий камайиш ўрнини қоплай олмаслиги айтилганди.

«Асосий сабаб — Украинадан келувчиларнинг камайиши ва Марказий Осиё давлатларидан келувчиларнинг одатий кўрсаткичи секин тикланиши», дейилганди ҳисоботда.

Экспертларнинг қайд этишларича, 2018 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия аҳолиси Украинадан келган мигрантлар ҳисобига 7,4 минг кишига кўпайган, 2017 йил январь-апрелида эса Украинадан 27,3 минг киши, 2016 йилнинг худди шу даврида эса 35,3 минг киши Россияга келган.

2018 йилда миграцион ўсиш 2017 йилга нисбатан 43 фоизга ёки 76,6 минг кишига камайган. Россияга Украинадан мигрантлар келиши 74 фоизга, Ўзбекистондан 70 фоизга ва Қирғизистондан 40 фоизга қисқарган. Қайд этилишича, МДҲ давлатлари Россия учун асосий мигрант донорлари ҳисобланади, аммо бу ресурс тугамоқда.

Табиий камайиш сабаблари