Англия Кубогининг чорак финали доирасидаги тўртинчи учрашув ҳам якунланди. Унда чемпионшип вакили «Миллуол» «Брайтон»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қололмади.

Ўйиннинг 70-дақиқасида Пирс мезбонларни олдинга олиб чиқди.

9 дақиқа ўтиб О`Брайен жамоаси устунлигини оширди.

Аммо ўйиннинг қолган дақиқаларида «Брайтон» футболчилари Локадия ва Марч биттадан гол уриб, ўйинни қўшимча бўлимларга олиб ўтишди.

Овертаймларда дуранг натижа ўзгармади ва ўйин ҳаками жамоаларни пенальтилар сериясига таклиф этди. Футбол лотереясида эса «Брайтон»нинг қўли баланд келди - 5:4.

Шу тариқа, «Брайтон» Англия Кубогининг яримфиналига йўл олди, «Миллуолл» эса турнирни тарк этди. 

Бунгача Англия Кубогининг 1/2 финалига «Уотфорд», «Вулверҳемптон» ва «Манчестер Сити» йўл олганди. Бу жамоалар мос равишда «Кристал Пэлас», «Манчестер Юнайтед» ва «Суонси»ни мағлуб этишганди.