15:43 / 18.03.2019
5812

Дори воситалари ишлаб чиқариш қувватини - 5, экспорт ҳажмини эса 2 бараварга оширувчи илмий-технологик марказ очилди

Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси (ЎзРФА) Ўсимлик моддалари кимёси институтида уч модулдан иборат, Ўзбекистонда GMP талаблари бўйича дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқариш технологияларини синаш илмий-технологик маркази очилди. Тадбирда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, ЎзРФА президенти Беҳзод Йўлдошев, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда академиклар, етакчи олимлар ва хорижий ҳамкорлар иштирок этишди. Фанлар Академияси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.  

Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати

Ушбу марказ томонидан Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳамда мамлакат илмий марказлари ва муассасалари олимларининг фундаментал изланишлари натижасида яратилган инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ва кейинчалик фармацевтик корхоналарга 40 га яқин импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп дори воситалари ва генерик субстанцияларни ишлаб чиқариш технологияларини топширилади. 

Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати

Марказнинг яна бир муҳим вазифаси - дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқаришнинг уч технологик линиясини ташкиллаштириш. Булар ўсимлик хомашёсидан алкалоид, нейтрал табиатга эга модификацияланган табиий бирикмаларни ишлаб чиқариш бўлиб, Ўзбекистон ҳудудидаги “Nukus-farm”, “Zomin-farm”, “Kosonsoy-farm”, “Sirdaryo-farm”, “Boysun-farm”, “Bustonlik-farm”, “Parkent-farm” ва бошқа ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкиллаштириш учун техник-иқтисодий базани тайёрлаш учун хизмат қилади. 

Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати

Бундан ташқари, марказ дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқарувчи фармацевтик корхоналар ходимларининг малакасини ошириш ҳамда GMP шароитларида ишлай оладиган кадрлар тайёрланувчи маскан ҳам бўлади. 

Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати
Фото: Фанлар Академияси матбуот хизмати

Илмий-тадқиқот маркази янги технологияларни синовдан ўтказиш, маҳаллий фармацевтик корхоналарни дори субстанциялари билан таъминлаш баробарида ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши ва халқаро талабларга жавоб бериши йўлида хизмат қилади. Бу эса ишлаб чиқариш қувватини 5 бараварга, экспорт ҳажмини эса 2 бараварга (молиявий кўрсаткичда 5 млн АҚШ доллари миқдорида) ошириш имконини беради. 

Top