Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда контрафакт дори воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи 1963 йилда туғилган фуқаро ҳамда унинг икки нафар фарзандига тегишли Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган учта хонадон кўздан кечирилган.

Текширувлар натижасида ушбу манзиллардан «Бусерелин», «Волини», «Бикана», «Тирзетта» ва бошқа номдаги жами 29 турдаги 1330 қути контрафакт дори воситалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мусодара қилинган дори воситаларининг умумий қиймати тахминан 600 миллион сўмни ташкил этади.

Терговга қадар суриштирув жараёнида ушбу шахслар дори воситаларини Россиядан йўловчилар орқали кичик партияларда темир йўл ва ҳаво транспорти ёрдамида ноқонуний равишда олиб келиб, Тошкент шаҳрида сотиш билан шуғуллангани аниқланган.

Ҳозирда аниқланган дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, суриштирув ишлари давом этмоқда.