Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Наманган шаҳридаги уйлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилди. У ерда 1996 йилда туғилган фуқаро томонидан келгусида сотиш мақсадида санитария қоидаларига зид равишда кўп миқдорда дори воситалари сақлаб келинаётгани аниқланди.
Хусусан, хонадондан тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13 184 дона дори воситаси топилган. Улар орасида «Сефотаксим», «Бифидумбактерин», «Атропин», «Тидомет форте» ва бошқа турдаги препаратлар бўлган. Дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Текширувлар давомида мазкур «яширин омбор»да сақланган дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб келингани маълум бўлди.
Баҳолаш хулосасига кўра, олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати 577 млн 381 минг сўмни ташкил этган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











